17 август Испания тарихида қора кунлардан бири сифатида муҳрланиб қолади. Шу куни Барселонанинг сайёҳлик марказида – Рамбла пиёдалар кўчасида минивэн ҳайдовчиси атайлаб одамлар устига бостириб борди. Бунинг оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 80 киши жароҳат олди.

Гувоҳларнинг айтишича, автомобиль ҳайдовчиси кўпроқ одамларни босиш мақсадида кўча бўйлаб 80 км/соат тезликда бурама ҳаракатлар қилиб 500 метрча юриб ўтиб, кейин киоскка бориб урилган.

Ҳужумдан кейин машина ҳайдовчиси қочиб кетган. Маълум қилинишича, унинг шахси ўрнатилган ва бу Дрисс Оукабир исмли кимса бўлган. У автомобилни Барселона яқинидаги Санта-Перпетуа-де-Могода аҳоли пунктида ижарага олган.

Аниқланишича, босқинчи Риполь муниципалитетида яшаган, Испаниянинг Африкадаги анклави бўлган Мелильада туғилган. Бошқа манбаларга кўра, у Франциянинг Марселидан бўлган.

Баъзи маълумотларга кўра, гумонланувчилар икки киши бўлган. Улардан бири ҳибсга олинган, бири эса полиция билан отишмада ўлдирилган.

Бундан ташқари, ОАВнинг маълум қилишича, жиноятчилар яширинмоқчи бўлган иккинчи фургон аниқланган. Қуролланган одамлар ресторанлардан бирида қамалиб олгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаган.

Кейинроқ яна бир автомобиль Диагональ туманида 3 полициячини босиб кетишга ҳаракат қилгани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Маълум қилинишича, оқ рангдаги Ford Focus машинаси полициячилар талабига кўра тўхтамаган ва унга қарата ўқ узилган. Отишмада террорчилардан бири ўлган, икки полициячи яраланган.

Воқеа юз берган ҳудуд ўраб олинган. Метро йўналишлари ёпилган, шаҳар атрофида қатновчи поездларнинг марказга келиши тўхтатилган. Ҳукумат одамларга воқеа жойига яқинлашмасликни тавсия қилган.

Испания бош вазири Мариано Рахой ва мамлакат ички ишлар вазири Хуан Игнасио Соидо Барселонага йўл олишган.

Воқеа гувоҳларидан бири бўлган россиялик сайёҳ Александр Киселевнинг айтишича, дастлаб одамлар бўлаётган воқеаларни ҳазил деб ўйлашган, бироқ сўнгра ҳаммани саросима чулғаб олган. “Биз воқеа юз берган жойдан бир квартал нарида, рафиқам билан Барселона бўйлаб экскурсияда эдик. Сайрдан кейин кўчанинг бурчагида тургандик. Ва бирдан биз томонга югураётган одамларни кўрдик ва биз ҳам чопа бошладик. Чопаётган вақтимизда испан тилида русча “теракт” деган сўзга ўхшаш сўзларни эшитдик”, деб эсламоқда россиялик.

ИШИД террорчилик ташкилоти ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.