Каталония полицияси Каталониянинг Таррагон вилоятида жойлашган Альканар шаҳридаги портлашлар Барселонадаги терактлар билан боғланган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Бу ҳақда полиция бошлиғи Хосеп Луис Траперо маълум қилди.

Альканардаги биринчи портлаш 17 август тонгда юз берган. Оқибатда уйлардан бири тўлиқ вайрон бўлган. Унинг ичида икки киши бўлган, улардан бири ҳалок бўлган, иккинчиси жароҳат олган. Маълум қилинишича, портлаш зарбасидан яқин атрофдаги уйларда яшаган яна 6 киши яраланган. Улар орасида Франция, Италия, Марокаш ва Испания фуқаролари бўлган.

Маҳаллий ОАВ дастлаб портлаш нарколабораторияда содир бўлганини, унга газ сизиб чиқиши сабаб бўлганини тахмин қилишган.

Шу куннинг ўзида шу ҳудуднинг ўзида яна битта портлаш содир бўлган. TV3 телеканалининг маълум қилишича, оқибатда бир неча полициячи жароҳат олган. Воқеа тафсилотлари келтирилмаган.

Кейинроқ айнан Альканарда полиция Барселонадаги терактда гумон қилинган бир кишини қўлга олган. Тахмин қилинишича, портлаш содир бўлган уйда яшовчилар қўлбола бомба тайёрламоқчи бўлишган.

Шу сабабли тергов ушбу икки ҳолатни бир-бири билан боғламоқда.