Испания полицияси Барселона ва Камбрильсда  содир этилган терактларга алоқадорликда гумон қилиб учинчи шахсни қўлга олди.

Каталония полицияси твиттерида маълум қилинишича, гумонланувчи Риполь шаҳрида қўлга олинган. Унинг номи ҳозирча ошкор этилмади.

20 minutos хабарига кўра, Каталония Ички ишлар вазири Жоаким Форн радио орқали гумонланувчи қўлга олингани ҳақида маълум қилган.

Бундан олдинроқ ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари ушбу терактдан кейинги тезкор тадбирлар давомида икки гумонланувчи қўлга олингани, улардан бири Марокаш фуқароси Дрисса Укабира экани ҳақида хабар қилинганди.

Аввалига теракт ижрочиси сифатида эълон қилинган Укабир полицияга ўзи келган, унинг ҳужжатлари ўғирлангани ҳақида хабар қилганди. Унинг ҳужжати укаси, 18 ёшли Муса Укабир ўғирлагани гумон қилинмоқда.

Барселонада 17 август куни теракт юз берди: шаҳарнинг пиёдалар юрадиган асосий кўчаси — Рамблада юк машинаси катта тезликда пиёдалар устига бостириб борди. 13 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди.

ИШИД теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ушбу теракт оқибатида Франция, Германия, Испания, Нидерландия, Аргентина, Венесуэла, Бельгия, Австралия, Венгрия, Перу, Шимолий Ирландия, Греция, Куба, Македония, Хитой, Италия, Руминия ва Жазоир фуқаролари жабрлангани ҳақида маълумотлар бор.

18 март тонгида полиция Камбрильсда теракт тайёрлашга уринган гуруҳ билан тўқнашди, отишма вақтида 5 террорчи йўқ қилинган. Шунингдек, етти киши, шу жумладан, бир полициячи жабрланган.

Испанияда Барселонадаги теракт қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинган.