Вазирлар Маҳкамасининг 8.08.2017 йилдаги 601-сон қарори билан Фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси аҳолисига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизими (ХМАТ) тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
ХМАТнинг асосий вазифалари:

•  фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги ҳақида маълумотларни йиғиш, ишлов бериш, сақлаш ва етказиш технологик жараёни мажмуини автоматлаштиришни таъминлаш, фавқулодда вазиятлар ҳолатида муҳофаза усуллари ва аҳолининг ҳаракатлари, юзага келган вазият тўғрисида аҳолига хабар бериш ва маълумотларни етказишда барча жараёнларни реал вақт кўламида мониторинг қилиш;
•  фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги ҳақида республика аҳолисига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказиш;
•  бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат тизими кундалик бошқарув органлари, республика ҳудудида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун мўлжалланган ва ажратиладиган (жалб қилинадиган) махсус тайёрланган куч ва воситаларга фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги тўғрисида хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказиш.
 
Ахборот етказиш тизими тўрт даражадан иборат бўлади, улар республика, маҳаллий, локал ва объект ахборот марказлари, терминал мажмуалар ва бўлинган автоматлаштирилган қуйи тизимлардан иборат.

Республика ва маҳаллий даражадаги ХМАТ 2018-2022 йиллар давомида  босқичма-босқич ишга туширилади. Бунда ФВВ объект даражасидаги ва локал даражадаги ХМАТни яратиш ва ишга тушириш тадбирлари боришининг ҳар йиллик текширувини амалга оширади.