Барселонада терактлар қурбонлари хотираси учун сукут сақлаш маросими ўтказилди. Каталониядаги Пласа-де-Каталунья майдонида қурбонларни ёд этиш учун минглаб кишилар тўпланди. Улар қаторида Испания бош вазири Мариано Рахой ва қирол Филипп VI ҳам бор эди.

Бир дақиқалик сукут сақлашдан кейин йиғилганлар «Мен қўрқмайман!» шиорини ҳайқириб айтишган.

Барселонада 17 август куни теракт юз берди: шаҳарнинг пиёдалар юрадиган асосий кўчаси — Рамблада юк машинаси катта тезликда пиёдалар устига бостириб борди. 13 киши ҳалок бўлди, 100дан ортиқ киши жароҳатланди. Теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.