Бугун, 18 август куни Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори билан ҳамкорликда «Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) фаолиятининг ташкилий ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусидаги экспертларнинг давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Анжуманда академик Сайёра Рашидова, доктор Йозеф Сигеле, Европа Омбудсман институти Бош котиби, элчи Жон Макгрегор, адвокат Ҳайнз Бюллер ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонд мутахассисларининг таклиф ва фикрлари инобатга олиниб, янги қўшимчалар киритиш муҳокама этилди. 

Хусусан, шу пайтгача Инсон ҳуқуқлари вакили аҳолидан шикоятларни қабул қилиб, шу билан бирга амалда ариза ва таклифларни ҳам кўриб чиққан. Эндиликда янги қўшимчалар орқали ушбу функционал ваколатлар қонун ҳужжатида ўз аксини топади.

Шунингдек, вакил шахсий ва сайёр қабулларни ўтказиши, вилоятлар бўйлаб вақтли турнеларда бўлиши қонун бандлари билан эътироф этилмоқда. Бундан олдин, халқаро тажриба мавжуд бўлган бизнес-омбудсман лавозими ташкил этилаётгани, унинг фаолиятига доир қонун лойиҳаси қонунчилик палатаси томонидан муҳокама этилаётгани ҳақида хабар берилган эди.