Испания ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими 17 августда Камбрильс шаҳрида пиёдаларга машинада ҳужум қилган 4 террорчини якка ўзи йўқ қилгани маълум бўлди. 

Маълум қилинишича, воқеа Камбрильс соҳилбўйида Барселонадаги терактдан бир неча соат кейин юз берган. Террорчилар Audi A3 машинасида пиёдалар устига бостириб бориб 4 кишини уриб кетгач, полиция постига бориб урилишган.

Террорчилар машинадан чиқиб, одамларга ҳужум қила бошлашган. Улар жумладан бир полициячига жароҳат етказишган. Шунда яраланган полициячининг шериги ўзини йўқотиб қўймай, террорчиларга қарата ўқ узган ва улардан 4 нафарини ўлдирган. Таъкидланишича, ҳаммаси бўлиб беш террорчи бўлган. Яна бир террорчи олинган жароҳатлардан кейинроқ ўлган.

Полициячи номи ошкор этилмаяпти, бироқ шуниси маълумки, у психологик ёрдам сўраб мурожаат қилган.

17 августда Барселонада фургон ҳайдовчиси пиёдалар устига бостириб борган. Бир неча соатдан кейин шундай теракт Барселонадан 100 км ча узоқликда жойлашган Камбрильсда амалга оширилмоқчи бўлган.