Англиянинг Бирмингем шаҳрига келган Канаданинг Air Transat авиакомпанияси самолётининг 200 дан кўпроқ йўловчиси багажини ололмади. Бу ҳақда The Sun нашри хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, воқеа 15 августда юз берган. Самолётда Торонтодан Англияга 300 йўловчи келган. Бироқ улардан фақатгина 85 нафари ўз багажини олган.

Аниқланишича, багаж билан боғлиқ фавқулодда вазиятга Торонтонинг Пирсон аэропортидаги техник носозлик сабаб бўлган. Бундан ташқари, носозлик туфайли рейс 3 соатга кечиккан.

Йўловчилардан бирининг айтишича, авиакомпания ходимлари билан багаж хусусида гаплашиш учун навбатда турган икки йўловчи ҳушини йўқотган.

Air Transat вакилининг айтишича, барча йўловчилар Пирсондаги юк билан ишлаш тизимидаги носозликлардан хабардор қилинган бўлганлар. Унинг айтишича, шу сабаб нафақат Air Transat, балки бошқа авиакомпаниялар ҳам ўз самолётларига йўловчиларнинг барча юкларини орта олишмаган. Компания ходимаси бу муаммони тезкорлик билан ҳал қилиш устида ишланаётганини айтган.

Маълум қилинишича, йўловчилар авиакомпания томондан юклари йўқотилган ҳолда 1,4 минг доллар миқдоридаги максимал компенсацияга умид қилишлари мумкин.