2017 йил 14 мартдаги ПҚ–2829-сон “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарори (2017 йил 3 август) билан Академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ушбу Низом идоравий мансублигидан қатъи назар, барча академик лицейларга нисбатан татбиқ этилади.
 
Лицейларнинг ўқитувчи лавозимига ўтказиладиган танловда олий маълумотли ва камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган шахслар иштирок этади. Лицейларга соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладиган ўқитувчилар танловда иштирок этмаган ҳолда расмийлаштирилади.
 
Лицейларда ўқитувчи лавозими бўшаган кундан бошлаб 10 кун ичида бўш ўқитувчи лавозимига танлов ўтказиш тўғрисида ОАВда, шунингдек лицейнинг сайтида (агар мавжуд бўлса) эълон берилади.
 
Номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш ОАВда эълон берилган кундан бошлаб 20 кун давом этади.
 
Танловда қатнашиш учун номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

•  лицей директори номига ариза;
•  паспорт нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида паспортнинг асл нусхаси кўрсатилади);
•  олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
•  меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
•  3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат.
 
Ҳужжатларни топширган номзодларнинг сони 1 нафардан ошмаса, танлов ўтказилмайди ва лицей танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонни қайтадан беради.
 
Танлов 2 босқичда - тест ва суҳбат шаклида ўтказилади.
 
Танлов ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан кейин 10 кун ичида ва ҳар бир босқич бўйича алоҳида кунларда ўтказилади.
 
Танлов бўлиб ўтадиган куни ва вақти ҳақида у ўтказилишидан камида 3 кун олдин номзодларга хабар берилади ва бир вақтнинг ўзида лицейнинг эълонлар тахтасига осиб қўйилади, шунингдек лицейнинг сайтида жойлаштирилади.
 
Номзодга 40 та тест саволи берилади ва 2 соат вақт ажратилади. Тест натижалари у ўтказилган кунда номзодларга эълон қилинади. 55 баллдан юқори балл тўплаган номзодлар тестдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва улар танловнинг кейинги босқичига қўйилади.
 
Суҳбат бўш ўқитувчи лавозимининг мутахассислиги ва педагогика бўйича савол-жавоб шаклида ўтказилади. Саволлар билетида 5 та савол бўлиб, тайёрланиш учун 20 дақиқа вақт берилади. Суҳбат натижалари у якунлангандан сўнг номзодларга эълон қилинади. Ўртача арифметик балли “60” баллдан кам бўлган номзод суҳбатдан ўтмаган ҳисобланади. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар лицейнинг ўқитувчиси лавозимига тавсия этилади.
 
Танловга келмаган номзодлар учун қўшимча танлов ўтказилмайди.
 
Танлов натижасидан норози бўлган номзодлар танлов натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция бериши мумкин. Апелляция 24 соат ичида кўриб чиқилиши лозим.
 
Ҳужжат 2017 йил 7 августда кучга кирди.