Америкалик машҳур боксчи Флойд Мейвезер ўз жамоаси ва фарзандларига UFC чемпиони Конор Макгрегорга қарши жангидан кейин фаолиятини давом эттирмасликка сўз берди. Бу ҳақда RT хабар бермоқда.   
 
“Бу менинг охирги жангим. Мен жамоам ва фарзандларимга Макгрегор билан жангдан кейин бошқа рингга кўтарилмасликка сўз бердим. Мен ваъдамда тураман ва уни бузмайман. Менда кўп ишлар пайдо бўлди, фарзандларим коллежга боришади ва бу кўп вақт олади, чунки таълим менинг оиламда муҳим аҳамиятга эга.

Мен 10, 5 ёки 2 йил аввалги Флойд Мейвезер эмасман, мен 21 ёшдамасман. Бироқ мен ҳамон рингда хавфлиман. Мен рингга кўтариладиган кўп ҳолларда менга тажрибам ёрдам беради, чунки мен кўплаб энг юқори даражадаги жанглар ўтказганман”, деб айтган 40 ёшли боксчи.

Аввалроқ боксчи агар Макгрегор жанг вақтида унга оёқ билан зарба берса, гонорарининг 90 фоизини йўқотишини айтганди. 

Анчадан бери кутилаётган ушбу жангга ҳам саноқли кунлар қолди. У 26 августда Лас-Вегасда бўлиб ўтади.

Аввалроқ Мейвезер бокс ҳақидаги нуфузли нашрлардан бири тузган рейтингга кўра, барча замонларнинг энг яхши боксчиси деб топилганди.