Хабарингиз бор Kun.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Фарғона вилоятида бўлди. Мазкур сафар давомида яна бир инсоннинг умр йўлига назар ташлаш бизга насиб этди. Мурожаат эгаси Зарифа Охунжонова яшаётган Ўзбекистон тумани, Яйпан шаҳри, Ғалаба массиви, 40-уйнинг 1-хонадонида бўлдик.

Хонадонга кириб борарканмиз, кўримсизгина бир хонали уй бурчагида ётган аёлга кўзимиз тушди. Бу Зарифа Охунжонова эди. У ёшлигидан ногирон бўлиб, юра олмайди. 17 яшар қизнинг онаси. Хижолатданми ёки бизнинг боришимизни кутмаганми, бироз ўнғайсизланди. Биз аёлни суҳбатга тортдик.

- Қайнсинглим билан бирга яшардик. Орадан вақт ўтиб, у ўғлим катта бўлиб қолди, уни уйлантиришим керак, деб бизни уйдан чиқариб юборди. У уйга бизнинг ҳеч қандай қонуний ҳақимиз йўқ экан. Қизим билан кўчада қолиб кетдик. Паспортимнинг амал қилиш муддати ҳам ўтиб қолди. Уни олиш учун эса ҳеч қаерда рўйхатда турмайман, бунинг устига моддий тўловларини қилишга ҳам қурбим етмайди. Қизим ҳам шу сабабдан ҳалигача паспорт ололмаган, - деди аёл кўзидан сизиб чиқаётган ёшларни артар экан.

Бугун Зарифа опанинг паспорти амал қилиш муддатидан ўтиб кетган. Янги паспорт олиш учун эса моддий томондан қўли калталик қилади. Бунинг устига доимий рўйхатда турган жойи Қўқон шаҳрининг Жасорат кўчасидаги уйдан чиқариб юборилган. Қариндошлар эса паспорт олиш учун унга "уй дафтари" беришни исташмаяпти. Аниқроқ айтиладиган бўлса, она-болани мана шу манзилда қайта рўйхатдан ўтишларини исташмаяпти. 17 яшар қизнинг ҳам паспорти йўқ. Паспорт олишга эса ҳужжат ва пул йўқ.

- Президентимиз томонидан ногиронларга ажратилган имтиёзли уй-жой масаласи бўйича ҳаракат қилиб кўрдим, - деди Зарифа Охунжонованинг яқин қўшниси. – Паспортларининг амал қилиш муддати ўтган экан. Бир куни Қўқондан аммалари келишган эди, уларга “уй дафтари”ни бериб туришларини, она-бола паспорт олиши лозимлигини айтдим. Аммо рози бўлишмади. Шундан кейин улар қорасини кўрсатишмади. 

Маълум бўлишича, Зарифа Охунжонова қонуний рўйхатда турган маҳалла мутасаддилари ногиронлар кунида уларнинг ҳолидан хабар олишмаган, совға-саломлар билан йўқлашмаган. Аёлнинг президент қабулхонасига уй-жой олиш борасида йўллаган мурожаатига эса мантиқсиз ёзма хат келган. Унда аёл бу борада судга мурожаат қилиши кўрсатилган. Бугун аёл ва унинг қизига фуқаролик паспорти ҳамда уй керак.

Фарғона вилояти ҳокимияти мутасаддиларига фуқаро Зарифа Охунжонова ва унинг қизига паспорт олишда ва президентимиз ташаббуси билан ногиронлар учун қурилаётган имтиёзли уйлардан бирини харид қилиш учун зарур ҳужжатларни тўплашда амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб қолардик. Кун.uz таҳририяти хайрия акцияси уюштириб, мазкур уйнинг бошланғич миқдори ва ойлик тўловларини тўлаб беришга кўмак кўрсатади.

Мазкур хайрия акциясида иштирок этиб, Зарифа Охунжоновага моддий ёрдам беришни ва бу орқали бир оиланинг ҳаётига илиқлик олиб киришни истовчи саховатпеша инсонлар учун қўшимча маълумотлар:

Пластик карта орқали: (Click. PayMe)
Пўлатова Машрабхон

8600 0423 9439 7516

Юридик шахслар учун пул ўтказиш йўли билан: (Агробанк)
Пўлатова Машрабхон

2261 8000 0990 9548 8500
МФО: 00533