Шимолий Корея АҚШга ракета зарбалари бериш таҳдидини бир қатор сиёсий плкатларда тасвирлади. Бу плакатлар маҳаллий ОАВ томондан 18 августда чоп этилди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Рёнхап” ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Пхеньянга қарши БМТ хавфсизлик кенгаши томондан қабул қилинган янги санкцияларга жавобан чиқарилган ушбу серияда ҳаммаси бўлиб 6 та ташвиқот плакати чоп этилган. 

Жумладан, “Кореянинг жавоби!” деб аталган бир плакатда Шимолий Корея байроғи остидан чиқиб турган кўплаб ракеталар АҚШдаги Капитолий вайроналарига қараб йўналтирилган. “АҚШнинг барча ҳудуди бизнинг зарба беришимиз доирасида!” деб аталган яна бир плакатда қизил рангдаги ракеталар АҚШга қараб йўналтирилган.

Корея марказий телеграф агентлигининг таъкидлашича, бу плакатлар “Корея халқ армияси ва халқининг тажовузнинг бош базаларини зарба билан ер юзидан йўқ қилиб ташлаш ва агар Шимолий Кореяга зарба беришга ақлсиз уринишлар сезилса, АҚШ билан қарама-қаршиликда батамом ғалаба қозонишдаги қатъийлигини“ ифодалайди.