Амалга оширилаётган профилактика чора-тадбирларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, қонунийлик аҳволи ҳамда жиноятчилик даражаси ҳақидаги маълумотларни аҳолига етказиш, содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларни бартараф этиш жараёни тўғрисида кенг жамоатчиликни тезкор хабардор қилиш мақсадларида Тошкент вилояти прокуратурасининг расмий сайти ишга туширилди.

«Тошкент вилоят прокуратураси аҳоли ва жамоатчилик билан самарали мулоқотни йўлга қўйишга интилади. Биз учун Сизнинг ҳар бир фикрингиз ўта муҳимдир, чунки прокуратура органлари вазифаларини ошкора амалга ошириш Сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни самарали ҳимоя қилиш имконини беради», дейилади сайтга жойлаштирилган матнда.

Ҳозирги вақтда сайтдан фойдаланиш жараёнида:

Тошкент вилояти прокуратурасига ариза, шикоят ва таклифларни виртуал қабулхона орқали онлайн тарзда йўллаш;
ҳуқуқий маслаҳат олиш;
вилоят прокуратураси органлари фаолияти ва унинг амалдаги натижалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ тартиботни таъминлаш соҳасидаги тадбир ва янгиликлардан хабардор бўлиш;
ижтимоий сўровларда қатнашиб, минтақадаги коррупция ҳолати ва давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш;
қонунлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шу жумладан мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни йўллаш;
вилоятдаги идора ва ташкилотларда мавжуд бўлган бўш иш ўринлари, бедарак йўқолганлар ва жиноят содир этганликда айбланувчи шахслар қидируви билан боғлиқ долзарб маълумотларга эга бўлиш;
жиноятлар ва бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, шунингдек турли ҳаётий вазиятларда ҳаракатланиш чоралари ва қоидаларини ўзида ифода этган махсус эслатмалар билан танишиш имкониятлар мавжуд