30 июль кунидан бошлаб Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда фавқулодда ҳолатлар олдини олиш мақсадида «Тозалаш-антитеррор» тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, тадбир давомида ҳозирги кунга қадар Тошкент шаҳар ҳудудида 475.532 объект, яъни кўп қаватли уйлардаги хонадон, ертўла ва чордоқлар, ҳовлили уйлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда бошқа турдаги объектлар текшириб чиқилмоқда.

Тадбир жараёнида асосий эътибор ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига, содир этилаётган жиноятларни иссиқ изидан фош этилишига қаратилган бўлиб, мазкур тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилинишини билан боғлиқ бўлган 44та жиноят аниқланиб, жами 6.963,81 грамм гиёҳванд моддалари расмийлаштириб олинди, шунингдек 16та фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш жиноятлари ҳамда 2та ўқотар қуролларни ноқонуний сақлаш жиноятлари аниқланди. 

Тадбир давомида жиноят содир этиб, тергов ва суд органлари томонидан қидирувда бўлган 90 нафар шахс тезқор-қидирув тадбирлар давомида ушланди.

Мавзе ва маҳаллаларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш борасида жамоат вакиллари билан биргаликда маҳаллаларда ва корхона ташкилотларда ҳамда таълим муассасаларида хавфсизлик юзасидан 1023та учрашувлар ташкил этилди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида кўп қаватли уйларга қўшимча 354та видеокузатув камералари ўрнатилиб, 209та хонадон Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси томонидан қўриқловга олинди.