Тожикистон кейинги уч йил ичида электр энергияси экспортини икки баробарга ошириб, 2020 йилга бориб 3 миллиард кВт.соат электр энергияси сотишни режалаштирмоқда, деб хабар беради «Азия плюс» медиа гуруҳи. 

Бу ҳақда Республика ҳукумати томонидан тасдиқланган, 2018–2020 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар асосий прогнозида қайд этиб ўтилган.

2018 йилда хорижга 52, 3 миллион долларлик 1,4 миллиард кВт.соат электр энергияси сотиш мўлжалланган. 2019 йилда республика экспорт ҳажмини 100 миллион кВт.соатга ошириб, жами 55,4 миллион доллар тушумга эришмоқчи. Бироқ 2020 йилга бориб электр энергияси ҳажмини 3 миллиард кВт.соатга етказиш режалаштирилмоқда.

Қўшни мамлакатларга етказиб берилган электр энергиясидан келадиган умумий тушум 120,5 миллион долларга етади.

2018–2020 йилларда мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажмининг ўсиши 2,3 миллиард кВт.соатга етиши прогноз қилинмоқда. Хусусан, миллий қувватлар билан 2018 йилда 17.667,4 млрд. кВт.соат, 2019 йили — 19.970,9 млрд. кВт.соат, 2020 йилда эса 19.974,5 млрд. кВт.соат  электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Прогнозга кўра, бу давр оралиғида аҳоли учун электр энергияси тарифлари 25,7 фоизга оширилиб, ҳозирги 1 кВт.соат учун 14,65 дирамдан 18,41 дирамга етказилади. Хусусан, 2018 йили аҳоли электр энергияси учун 7,9 фоизга кўпроқ, 2019 йилда ҳам шунча, 2020 йилда эса 9,9 фоизга кўпроқ ҳақ тўлаши белгилаб қўйилмоқда. 

Ўртача олганда, барча тоифадаги истеъмолчилар 2020 йилга бориб, электр энергияси учун ҳозиргига нисбатан 33,3 фоизга кўпроқ пул тўлай бошлашади.