Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида “Ёшларимиз-келажак пойдевори” мавзуида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамкорлигида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Kun.Uz мухбири хабар бермоқда.

Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, матбаа корхоналари, интернет нашрларида фаолият кўрсатаётган ёшларни доим қўллаб-қувватлашни ўз олдига асосий вазифа этиб белгилаган.
Агентлик тизимида ишлаётган 30 ёшгача бўлган ёш кадрларнинг умумий сони ҳозирда 320 нафарни ташкил этади. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимида ноширлик, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ишларда фаолият кўрсатаётган аксарият ёшлар, мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олган.

Анжуманда Агентликда ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида ишчи гуруҳ шакллантириш кераклиги, мазкур ишчи гуруҳ тизимда фаолият кўрсатаётган ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан доимий равишда таклифлар тайёрлаб киритиш чораларини кўриш юзасидан келишиб олинди.

Очиқ мулоқотда Республикамиз даврий нашрларида ёшлар мавзуларни ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари, Агентлик марказий аппарати, тизимдаги корхона ва ташкилотларда касаба уюшмалари томонидан режалаштирилаётган тадбирлар ҳамда марказий аппарат тизимда бошланғич ташкилотларни ташкил этиш, уларни доимий равишда рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ходими Жамшид Набиев Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Агентлик қошида очилган бошланғич ташкилоти етакчиси этиб тайинланди.