Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 11-ялпи мажлиси 24 август куни Тошкент шаҳрида чақирлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабарига кўра Сенат Кенгаши 18 август куни шундай қарор қабул қилган.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунлар киритилмоқда.

Ялпи мажлисда сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунларни ҳам кўриб чиқади.

Шунингдек, ялпи мажлиснинг кун тартибига Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам киритилди.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар Конституциявий судни сайлаш ҳақидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг айрим раҳбарларига парламент сўрови юбориш, шунингдек, парламент сўрови натижалари ҳақидаги масалаларни ҳам кўриб чиқади.

Ялпи мажлисда Сенат ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.