2017 йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат делегацияси таркибида Бишкекка ташриф буюрган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳозиги ҳолати ва истиқболлари, 2016 йил декабрь ойида Самарқанд шаҳрида ва 2017 йил июнь ойида Остона шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазири Сооронбай Жеэнбеков раислигида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ва Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиялари мажлисларининг самарали якунлари вазирлар томонидан юқори баҳоланди.

Ҳукумат раҳбарлари учрашувларда янгича динамика касб этган ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантириш ҳамда транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, туризм соҳаларида алоқаларни чуқурлаштиришга келишиб олдилар.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари олий даражада бўлиб ўтадиган ташрифнинг санаси ва кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.

Абдулазиз Камилов Эрлан Абдилдаевни жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафиқлигида Ўзбекистон томонидан ўтказиладиган Марказий Осиёда ҳавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференция ишида иштирок этишга расман таклиф этди.