2017 йил 18 август куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясида Ҳаво флоти куни ҳамда янги Боинг 767 самолёти Full-flight-симуляторининг ишга туширилиши муносабати билан тадбир ташкил этилди. 

Kun.uz мухбири Боинг 767 самолёти  Full-flight-симулятори билан танишиб, янги тренажёрдаги машқ жараёнини кузатишга муваффақ бўлди. Мазкур қурилма олти томонлама эркин ҳаракатланувчи платформага ўрнатилган, унинг оғирлиги 13 тоннани ташкил этади. 

Boeing 767 Full-flight симуляторида ташкил этилган парвоз вақтида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК учувчилари турли ноодатий ҳолатларни ҳам ерда, ҳам ҳавода синаб кўришди. 

Тренажёр мажмуасида ўрнатилган симуляторлар орқали учувчилар ўз маҳоратларини яна бир бор синовдан ўтказишади. Жаҳон саноат стандартлари асосида ишлаб чиқилган визуал тизим учувчиларга ностандарт ва мураккаб вазиятларни машқ қилишга ёрдам беради. Компьютер тизимига ўрнатилган аэропортларнинг маълумотлар базаси билан ер шарининг  исталган нуқтасига парвоз қилиш мумкин. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ўқув-машқ марказининг техник таъминланиши Миллий авиакомпанияга, нафақат ўз учувчи таркибининг тренажёр тайёргарлигини амалга ошириш, балки хорижий авиакомпанияларга  ҳам бу борада ўз хизматларини  таклиф этиш  имконини беради. 

Boeing 767 Full-flight симуляторидаги парвозни қуйидаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин: