Google’га тегишли Waymo компанияси анчадан бери машинани ҳайдовчисиз бошқариш технологияларини яратиш билан шуғулланиб келади. Бироқ бу ерда биргина дастурий таъминот билан чекланиб бўлмайди – мутахассислар келгусида яраб қолиши мумкин бўлган турли янги технологияларни ихтиро қилиб, уларни патентлаштирмоқдалар. Улардан бири рул ва турли индикаторлар ўрнига бир нечтагина тугмача жойлашадиган келажак асбоблар панели ҳисобланади. 

Патентга илова қилинган суратдан кўриниб тургандек, янги панелнинг марказида “Go” (Юриш) ва “Stop now” (Тўхташ) тугмачалари бўлади. Бундан ташқари, бу панелда электр ойна кўтаргичлар, эшик блокираторлари, ёруғликни созлаш ва ўриндиқларни қиздириш тугмалари жойлашган. Бироқ патентга илова қилинган ҳужжатлардан йўловчилар бундай панел ёрдамида зарур йўналишни қандай беришлари мумкинлигини англаб бўлмайди.  

Бироқ Waymo’да ҳойнаҳой йўналишни бериш имконияти кўзда тутилган бўлиши керак. Эҳтимол, у овозли бошқариш ёки дастур орқали амалга оширилади. Бундай ҳолда фойдаланувчи автомобилни унга одатий усул билан тўлиқ назорат қилиши мумкин бўлади. Фавқулодда вазият юзага келганда эса “Stop now” тугмаси ёрдамида машинани тўхтатиш имконияти бўлади.