Куни кеча, 18 августда Американинг машҳур Viper суперкарининг конвейери тўхтатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Режага кўра, у 31 августда тўхташи керак эди.

Fiat Chrysler Automobiles альянси Dodge Viper моделини ишлаб чиқишдан бутунлай воз кечишга қарор қилди. Келинг, Америка автомобилсозлик саноатининг энг кўзга кўринган намуналаридан бирининг турли моделларини ёдга оламиз. 

«Вайпер»ларнинг илк намуналаридан бири GTS-R спорткари 1990 йиллар охирида намойиш этилди. 

630 от кучига V10 моторли автомобилни Франциянинг Oreca ва Британиянинг Reynard Motorsport фирмалари жиҳозлаган. Машина анча омадли чиқди: 1997, 1998 ва 1999 йилларда «Вайпер» GT2 таснифидаги FIA GT биринчилигида энг яхши машина бўлди. 1998 йилда эса Жастин Белл, Дэвид Донахью ва Луки Друди бошқарувидаги спорткар GT2 таснифидаги «24 соат Ле-Ман» пойгасида биринчи ўринни олди.

 2003 йилда Dodge Viper Competition Coupe пойга намунаси пайдо бўлди. У SRT-10 фуқаролик модели негизида барпо этилди.

Суперкар 510 от кучли, 8.3 л V10 моторга эга бўлди. Унинг ёрдамида 4 сонияга етар-етмас, тезликни «юз»га чиқариш мумкин эди.

Автомобиль «маҳаллий» кубок пойгалари учун ишлаб чиқилган эди. Шу боисдан ҳам машина йирик пойгаларда иштирок этмади.

Dodge Viper суперкарининг тўртинчи авлод трек намунаси – ACR – 2007 йилги Лос-Анжелес кўргазмасида намойиш этилди. 

2008 йилда Американинг Hennessey Performance тюнинг ательеси Neiman Marcus тўплами учун тўртинчи авлод Viper моделининг махсус намунасини тайёрлади. 

Суперкар 3,3 сонияда тезлигини 96 кмга етказади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 342 кмни ташкил этади. Нархи 179,5 минг долларни ташкил этган. 

2009 йили ACR моделининг янада кучлироқ ACR-X намунаси пайдо бўлди. У бозорга чиқарилган вақтда 110 минг доллардан сотилди.

2013 йил мартида Нью-Йорк автокўргазмасида TA модификацияси ҳавола қилинди. Time Attack деб номланган Viper TA атиги 33 нусхада ишлаб чиқилди. 

Қатор компаниялар жиҳозларига эга бўлган Viper TA одатдаги 8.4 л V10 двигателини сақлаб қолди. У 640 от кучига эга эди. 3,3 сонияда 96 км/соат тезликка эришадиган машина дрэг масофани (402 метр) 11,3 сонияда босиб ўтди. 

Сўнгги авлод Viper суперкари ҳам ўзининг ACR трек намунасига эга. Ушбу автомобилнинг аэродинамик босими соатига 283 кмда бир тоннага етади. Бу серияли суперкарлар орасида энг яхши натижа ҳисобланади. 

Трек суперкарига 8.4 л бензинли V10 двигатели ўрнатилган. 653 от кучига эга мотор олти босқичли механик узатмалар қутиси билан Viper ACR машинасини ҳаракатга келтиради. 

Ҳозирги ва сўнгги «Вайпер»нинг пойга модификацияси – GTS-R деб номланади. У 2012 йилда тақдим этилди. 

2013 йилда Viper GTS-R «24 соатлик Ле-Ман»да иштирок этди, аммо муваффақият қозона олмади. Энг яхши «Вайпер» LM GTE Pro таснифида саккизинчи бўлиб маррага етиб келди.