Инсоннинг умр йўлини шамга қиёслашади. У қачондир ёниб битади. Фақат бу шамнинг паст баланди турличадир. Кимнингдир шами узоқроқ ёнади, кимнингдир шами эса бир пасда тугайди.

Кун.uz’да жорий йилнинг 24 июль куни “Оққон билан оғриган 5 ёшли бола тезкор ёрдамга муҳтож” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда 3 йилдан бери оққон касали билан оғриган, 5 ёшга тўлган Шаҳзодбек Ҳасанов ҳақида сўз боради. Шаҳзодбекнинг онаси Нафосат ўғлининг тузалиб кетиши учун қўлидан келган барча ишни қилди. АҚШлик, россиялик, ҳиндистонлик шифокорлар билан гаплашди, у ерларга олиб бориб, ўғлини даволатишни мақсад қилди. Шу ниятда Беларусь ва Москвадаги онкологик шифохоналарга мурожаат қилди. Аммо уларда бўш жой йўқлиги сабабли рад жавоби келди. Она бу билан тўхтаб қолмади. Шаҳзодбекни Ҳиндистонга олиб бориб даволатишни истади. 

Кун.uz таҳририяти Шаҳзодбек Ҳасановни чет элга бориб даволаниб келиши учун ёрдам бериш мақсадида хайрия акцияси уюштирди. Яхши ниятла бошланган бу акцияда Ўзбекистонда ва хорижда юрган юртдошларимиз фаол иштирок этди. Қўлларидан келган барча ёрдамни кўрсатишди. Бемор боланинг онаси Нафосат биз билан 24 июль куни боғланганида пластик карточкага 12 млн сўм пул тушганини маълум қилган эди. Энг сўнгги мулоқотимизда эса пуллар умумий ҳисобда 5000 АҚШ долларига етгани ҳақида билдириб ўтганди...

Аммо тақдири илоҳий, Шаҳзодбек жорий йилнинг 15 август куни ёруғ оламдан ўтди. Тангрининг олий даргоҳига йўл олди...

Биз ҳамдардлик билдириш учун марҳум Шаҳзодбекнинг онаси билан боғландик. “Болам оламдан кўз юмди. Унинг соғайиб кетиши учун қўлларидан келган барча яхшиликларни қилган, хайрия уюштирган инсонлардан мингдан минг розиман. Аммо йиғилган пуллар боламнинг шифо топишига насиб қилмади. Шу боис уларни мана шу касал билан оғриган бемор болаларга “тромбо” тиббий аппарати олиб беришга сарфлайман. Чунки бу аппарат жуда танқисдир. Яна бир бор барчага ўз миннатдорлигимни билдираман”, деди онаизор.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун – “Биз Аллоҳникимиз ва албатта унга қайтгувчимиз”. Кун.uz таҳририяти Шаҳзодбекнинг даволаниб кетиши учун ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатган барча-барчага миннатдорлик билдиради. Марҳумнинг онасига эса сабру-жамил тилайди.