«Барселона» Испания чемпионатининг 1-турида «Бетис»га қарши ўйинда пайшанба куни содир этилган террорчилик акти қурбонлари хотирасига аталган махсус футболкаларда майдонга тушадиган бўлди.

Футболчиларнинг либоси елкаларида фамилиялар ўрнида «BARCELONA» ёзуви бўлади, кўкрагида эса #TotsSomBarcelona («Барчамиз — Барселона») ҳэштеги жойлаштирилади.

Испанияда террорчилик акти қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинган, дам олиш кунларида старт оладиган Ла Лиганинг янги мавсуми ўйинларининг барчаси бир дақиқалик сукут билан бошланади.

Пайшанба куни кундузи Барселона марказидаги Ла Рамбла кўчаси бўйлаб сайр қилаётган инсонлар устига фургон ҳайдалган. 100 дан зиёд киши жабрланган, айни пайтда уларнинг 15 нафари оғир аҳволда. Расман 13 киши қурбон бўлгани хабар қилинган.

«Барселона»нининг «Бетис»га қарши учрашуви эса 20 август куни Тошкент вақти билан 23:15 да «Камп Ноу» стадионида бошланади. Шу кеча 01:15 да «Депортиво»-»Реал» (Мадрид) учрашуви ҳам бўлиб ўтади.