Америкадаги нашрлар президент Доналд Трампни у Шарлотсвиллдаги воқеаларга бепарво муносабатда бўлгани учун кескин танқид қилмоқда. The New Yorker, The Economist ва Der Spiegel нашрлари президентни оқ қалпоқда тасвирлади — бу қалпоқ ультраўнг ташкилот ку-клукс-клан (ККК) рамзи ҳисобланади. Трамп танқидга учрашига у келиб чиққан тартибсизликларда нафақат ўнгларни, балки сўл радикалларни айблагани сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда 1861-64 йиллардаги фуқаролик уруши даврида жанубликлар қўмондони бўлган Роберт Лининг Шарлотсвиллдаги ҳайкалига қизил бўёқлар билан «Қоралар масаласи муҳим» ёзуви битилди. Кейинчалик мактаб ўқувчиси ҳайкални Шарлотсвиллдан олиб ташлаш тўғрисидаги петиция бошлади ва зиддият кўлами кенгайди. 

Оқ танли ирқчилар гуруҳи, нео-фашист, нео-конфедерациячи ва ўнг қўл тарафдорлари 12-13 август кунларида АҚШ фуқаролар уруши давридан мерос бўлиб қолган маданий ёдгорликларга, хусусан, Роберт Лининг ҳайкалига тегмасликни сўраб чиқишди. 

Бу ҳаракатга қарши чиққан намойишчилар устига эса нео-фашист Алекс Филдс машина ҳайдаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 19 киши яраланди. Кейинроқ йигит қўлга олиниб, унга нисбатан айблов илгари сурилди.

Намойишлар ҳамон давом этмоқда.

Доналд Трампнинг воқеага билдирган бетараф муносабати ирқчиларни руҳлантириб юборди.

«Барчамиз бирдам бўлишимиз ва нафрат ортида турган барча нарсани қоралашимиз лозим. Америкада бундай зўравонликка жой йўқ», дея фикр билдирганди мамлакат раҳбари. 

«Барча нарсани қоралашимиз лозим» сўзлари остидан паноҳ топган Ку-Клукс-клан аъзолари, оқ танли ирқчилар жамоаси ўтган куз сайловда адашмаганидан хурсанд бўлмоқда. Ўз номи билан аталмаган жиноятни оқлашга уриниш президент Доналд Трампнинг Оқ уйдаги обрўсига таъсир қилиб, афроамерикан АҚШ фуқаролари олдида «ҳурматсиз» кишига айлантириб қўйиши мумкин эди.

Шарлотсвилл шаҳри мэри Майк Сигнер АҚШда ирқчилик типидаги уюшмаларнинг фаоллиги ўсиши юзасидан масъулиятни президент Дональд Трамп зиммасига юклади.

«У қандай сайловолди кампаниясини ўтказганига қаранг, оқтанли ирқ устунлиги тарафдорлари, оқтанли миллатчи гуруҳлар, антисемит (яҳудийларга қарши) гуруҳлар томонидан аниқ бир мақсадга қаратилган тилёғламаликка эътибор қаратинг», — дея таъкидлади у.

Унинг қайд этишича, республикачи Трампнинг маъмурияти ўта ўнглар вакилларига «аралаша олмаслигини, уларни қоралай олмаслигини, танқид қила олмаслигини, жим қила олмаслигини» бир неча маротаба намойиш қилган.

Сигнер «антисемитлар, неонацистлар, Ку-клукс-кланларнинг барчаси доим сояда бўлгани»ни айтди. Унинг таъкидлашича, Трамп сайловда ғолиб чиққанидан кейин ўта ўнгларда «ёруғликка чиқиш» учун имконият пайдо бўлган.