«Қашқадарё: тараққиёт, саноат ва агросалоҳият» мавусида бўлиб ўтган Халқаро пресс клубнинг Қашқадарёдаги сайёр сессиясида модератор Шерзодхон Қудратхўжаевнинг вилоятдаги нефть-газ саноати салоҳияти ва бу борада олиб борилаётган ишлар хусусидаги саволига соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоб берилди.

Айни пайтда Қашқадарё вилояти Республикамизда қазиб олинаётган табиий газнинг 67 фоизи, газ конденсатининг 87 фоизи, нефтнинг 73 фоизини етказиб бермоқда. Жумладан, янгидан барпо этилаётган GTL заводидек мега-лойиҳа жаҳонда ўзи 4тагина борлиги, Ўзбекистондагиси 5-чиси бўлаётгани қайд этиб ўтилди.

Вилоятда «Муборакнефтгаз», Муборак газни қайта ишлаш заводи, «Шўртаннефтгаз» ва Шўртан газ-кимё мажмуаси каби заводлар фаолият кўрсатмоқда. Бу корхоналарда айни дамда 30 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда.

Жумладан, айни пайтда Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш устда иш олиб борилмоқда. Анчадан бери режалаштирилган ва турли сабаблар қурилиши билан кейинга сурилиб келинган GTL заводини барпо этиш ишлари 2016 йилнинг декабридан бошлаб юборилган. 2020 йил охирига бориб ҳар икки қурилиш ўз ниҳоясига етказилиб, фойдаланишга топширилиши ХПК сессиясида таъкидлаб ўтилди.

Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти қошида ташкил этилган нефть ва газ факультетида айни дамда 2 мингдан зиёда талаба таълим олмоқда. Уларга таълим беришда 16та лаборатория хизматидан фойдаланилмоқда. Янги нефть-газ соҳасига оид лабораториялар яратиш, соҳа учун етук мутахассислар етказиб бериш устида иш олиб борилмоқда.

Салоҳияти ўта катта бўлган GTL лойиҳаси ишга тушадиган бўлса, нафақат дизель ва авиакеросин, шунингдек нафта, полиэтилен, плипропелен каби экспортбоп маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарилади. Ушбу заводда 900га яқин иш ўрни яратилиши билан бир қаторда, қайта ишлаш, ташиш ва етказиб бериш каби турдош соҳаларда ундан 10 баробар кўпроқ, яъни, жами 10 мингга яқин янги иш ўринлари очилиши таъкидланди.

GTL заводи Шўртан газ-кимё мажмуаси ёнида барпо этилмоқда. Бу заводда тоза метандан турли маҳсулотлар, ёқилғилар ишлаб чиқарилади. Янги заводда ишлаб чиқариладиган ёқилғи энг замонавий Евро-5 стандартидан ҳам юқорироқ сифатда бўлиши айтилди. Ушбу маҳсулотни ҳам хорижга экспорт қилиш мўлжалланган. Шунингдек, сифатли авиакеросин ишлаб чиқариш, келажакда авиаҳаблар барпо этиш истиқболларини очади.

Ушбу лойиҳалар ҳақида тушунтириш берар экан, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев шундай деди:

— Президентимиз вилоятимизга ташриф буюрганида шахсан ўзи лойиҳа тақдимотида иштирок этиб, аниқ топшириқлар берди. Ушбу лойиҳани тўлиқ барпо этиш масаласига нуқта қўйди. Шу бўйича иш олиб борилмоқда.

Ўзингиз ўйланг, 1 литр сувни қайнатиш учун газ ёқамиз. Энергияни беҳудага сарфлаймиз. Лекин ўша 1 литр сувни қайнатиш учун кетадиган газдан 300 грамм полипропелен ва бошқа маҳсулотлар ҳам олиш мумкин. Ундан ортган сиқилган газни яна ўша 1 литр чойни қайнатишга сарфлаш мумкин бўлади. Хуллас, бу заводлар қуриладиган бўлса, ўта инновацион нефть-кимё соҳасига йўл очилади.