Халқаро пресс клубнинг «Қашқадарё: тараққиёт, саноат ва агросалоҳият» мавзусида Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган сайёр сессиясида вилоятдаги соғлиқни сақлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида ҳам гап борди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида Газиева айни пайтдаги вазият ҳақида атрофлича гапириб беришди.

— Давлатимиз раҳбари вилоятимизга келганида олдимизга иккита масалани кўндаланг қўйди: соғлиқни сақлаш соҳасини яхшилаш ва инсонларнинг хотиржамлиги. Бутун дунёда кузатилаётгани каби бизда ҳам қандли диабет ва бошқа эндрокринологик дардлар кўпаймоқда. Вилоятимизда эса эндрокринология касалхонаси йўқ эди. Юқумли касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олиш соҳасида ҳам ишлар ўлда-жўлда эди, эски шифохонамиз 1940-йилларда барпо этилган, кўриниши ўта аянчли, лабораториялари абгор аҳволда эди. Юрак касалликлари шифохонаси ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин.

Мана шундай ҳолатлардан хабар топган юртбошимиз 120 ўринли янги эндокринология маркази, шунингдек кардиохирургия маркази ва юқумли касалликлар шифохонасини янгидан барпо этиш учун 150 миллиард сўм маблағ ажратиб берди.

Кардиохирургия марказимизга 3 миллион долларга Германиядан турли асбоб-ускуналар келтирилмоқда. Илгари вилоятимиз бирор кардиожарроҳ йўқ эди, президентимиз ташаббуси билан Россиядаги машҳур кардиожарроҳ Лео Бокериядан таълим олган, у билан елкама-елка ишлаган кардиожарроҳ вилоятимизга бош врач бўлиб келмоқда.

Шу пайтгача бутун вилоятда 90тагина тиббий тез ёрдам машиналари хизмат кўрсатган, уларнинг битта чақирувига 400 сўмгина пул ажратилган экан. Айни пайтда бундай машиналарнинг сони 209тага етказилди, улар тўлиқ ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланди, чақирув учун тўлов ҳозир 1600 сўм, сентябрдан бошлаб ҳар бир чақирувга 2400 сўмдан берилиши белгилаб қўйилди, — деди вилоят ҳокими З.Рўзиев.

Сўз олган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Газиева бу борада ўз фикрларини баён этар экан, шундай деди:

— Айни пайтда вилоятимизда мутлақо янгидан барпо этилаётган учта марказга тамал тоши қўйилди. 50–55 нафар ишлаётган Руспеблика кардиожарроҳлик маркази филиалида кардиожарроҳнинг ўзи йўқ эди.

Ҳозирда вилоятда юрак касалликлари билан боғлиқ 130 мингдан зиёд бемор рўйхатга олинган. Уларнинг 60 мингги доимий текширувдан ўтиб териши керак, уларнинг 300 нафарига стенд ўрнатилишига муҳтож. Агар бундай дардга чалинган болаларни ҳам қўшадиган бўсак, 4000 нафарга яқин инсон операцияга муҳтож. Ўтган йил давомида 180 киши Тошкентга бориб операция амалиётини ўтаб келгани маълум бўлмоқда. Албатта, узоқ йўл босиб Тошкентга бориш, у ерда яшаш жуда катта қўшимча харажатларни ҳам талаб этишини унутмаслигимиз керак.

Эндокринология диспансеримиз ҳам 1947 йилда қурилган эди. Вилоятда 32 минг киши турли эндокринологик дардларга мубтало бўлган. Кадиология марказининг иккиси ёнма ён барпо этилиши ҳам бежиз эмас. Бу ҳам айни муддао бўлди. Президентимизнинг ўзи ҳам диабетга чалинган инсонда юрак билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши, юрак касалликларига чалинган инсонларда диабетга мубтало бўлиш хавфи борлигидан, иккисини ёнма-ён барпо этиш таклифини ўртага ташлаган эди. Эски инфекцион шифохонамизда оддий сув таъминотининг кўнгилдагидек эмаслигини эслатиб ўтишнинг ўзи кифоя. Хуллас, президентимизнинг бундай ғамхўрлик билан чиқарилган қарорлари қашқадарёликларнинг жонига ора кирди.

Президентимиз шифокорлар кабинетда ўтириб, беморларни қабул қилмасдан, жойларга чиқиб профилактика ишлари билан шуғулланиш кераклигини вазифа қилиб белгилаган. Ҳозир вилоятда патронаж ҳамширалар хизматини кенг йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.