Испаниянинг Каталония вилоятида бир қатор терактларни содир этган террорчилар Барселонанинг энг диққатга сазовор жойларидан бири – Муқаддас оила ибодатхонасига ҳужум қилишмоқчи бўлган. 

El Espanol нашри маълумотларига кўра, террорчилар портловчи моддалар ортилган фургонлар қўллаган ҳолда бир вақтнинг ўзида 3 та теракт амалга оширмоқчи бўлганлар. Бундай жойлардан бири сифатида Муқаддас оила ибодатхонаси танланган. Шунингдек, Рамбла кўчасида ҳам теракт содир этилмоқчи бўлган. Террорчилар нишонга олган учинчи объект айтилмаган, бироқ маълумотларга кўра, шаҳарнинг порт қисмига ҳужум қилинмоқчи бўлган. Нашрнинг қўшимча қилишича, фургонлар Каталониядаги Альканар шаҳридаги бинолардан бирида сақланган.   

Муқаддас оила ибодатхонаси ўз архитектураси билан танилган Барселонадаги католик черков бўлиб, у 1882 йилдан бери одамлар хайрия қилган пуллар ҳисобига қуриб келинади.