Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситаларида фуқароларни фирибгарларнинг тузоғига илиниб қолишини олдини олиш мақсадида, огоҳликка чорловчи кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар берилиб, фирибгарлардан огоҳ қилиб борилса-да, афсуски, ҳамон ўзганинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган айрим шахслар, гоҳида ўзларининг мансабларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг пулларини қўлга киритиш каби ачинарли ҳолатлар ҳамон учраб турибди.

Самарқанд вилояти Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиника тиббий маслаҳат комиссияси врачида ишлаб келган Қурвонмурот Жўраев ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро М.Мустафоевни Иштихон туманлараро тиббий меҳнат экспертизаси ваколатли шахсларини манфаатдор қилиш орқали унга II гуруҳ ногиронлик нафақасини чиқариб беришга ваъда бериб, ушбу хизмат эвазига 600 минг сўм пул беришини талаб қилган.

Жорий йилнинг 15 август куни фуқаро М.Мустафоевнинг ҳуқуқ-тарғибот идоралари  қилган мурожаати асосида Оқдарё туман прокуратураси, солиқ ва валютага оид жиноятларга, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қурвонмурот Жўраев фуқаро М.Мустафоевдан 600 минг сўм пулларни тамагирлик йўли билан пора тариқасида олаётган вақтда воқеа жойида қўлга олинган. Тезкор тадбир давомида қўлга киритилган ашёвий далиллар тегишли тартибда холислар иштирокида расмийлоштирилиб, Жўраевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, Оқдарё туманида яшовчи фуқаро Ю.Ёвқочеванинг ҳуқуқ-тарғибот идоралари ёзган аризасига асосида жорий йилнинг 17 август куни Оқдарё туман прокуратураси ва департаментнинг Оқдарё туман бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Оқдарё тумани электр таъминот корхонаси раҳбари Шавкат Хўжанов ўзининг хизмат хонасида фуқаро Ёвқочевадан унинг хонадонида электр энергиясидан бўлган 1 миллион 43 минг сўм миқдоридаги қарздорликни йўқотиб, қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотномани расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида тамагирлик йўли билан олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот вакиллари томонидан қўлга олинди.

Бугун ўзганинг ишончига кириб, тамагирлик орқали унинг мушкулини осон қилиш эвазига пора талаб қилган Шавкат Хўжанов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан, Қурвонмурот Жўраев Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарҳод Норбўтаев,

журналист