Австралиялик 23 ёшли теннисчи Ник Киргиос Америка Қўшма Штатларида ўтказилаётган Цинциннати очиқ турнирида дунёнинг иккинчи рақамли ракеткаси Рафаэль Надал устидан ғалаба қозонди. Турнир чорак финалида Киргиос ўзидан 21 поғона юқоридаги испаниялик рақибини 6:2, 7:5 ҳисоблари билан мағлуб этган.

Бу теннисчилар сўнгги марта Madrid Mutua Open турнирида тўқнашган, унда испаниялик спорт устаси ғалаба қозонганди.

«Иккинчи сет давомида рақибим хатоларга йўл қўйди, аммо мен улардан фойдалана олмадим. Ўйин мураккаб ва қийин кечди, албатта Ник кучли спортчи эканини исботлай олди», дея ўйиндан кейин интервью берган Рафаэль.

Шунга қарамай, келгуси ҳафта ATP томонидан эълон қилинадиган теннис ракетка усталарининг рўйхатида етакчиликни яна Рафаэль Надал қўлга олиши мумкин.