Рио-2016 ёзги Олимпиада ўйинлари бошланмасданоқ танқид қилинган эди, айрим оптимистлар эса йирик спорт тадбирининг ўтказилиши шаҳар инфратузилмасига ижобий таъсир ўтказади, умуман сиёсатчиларнинг берган ваъдалари амалда ишлай бошлаши аниқлигига ишонганди. Аммо бир йил вақт ўтиб, вазият ундай бўлмаганини исботламоқда.

Яқин ўтмишда ўзбекистонлик боксчилар ва паралимпия жамоасининг ғалабасини бир йиллигини хотирлар эканмиз, ғарбий ярим шарда вазият бошқача. Бундан уч ҳафта илгари шаҳарга 8,5 минг ҳарбий кўчирилган бўлиб, улар уюшган жиноятчилик, кўча безорилиги ва тўполонларга қарши курашиш учун сафарбар қилинган. Мамлакат парламенти спикери Родриго Майянинг айтишича, ҳукумат жиноятчилар устидан тўлиқ назоратни ўрната олмаяпти.

Айни воқеаларни энг кучли таҳлилчи ҳам башорат қила олмаган бўларди, чунки Олимпиада олдидан шаҳар маъмурияти "Тинчлантириш" дастурини қабул қилган бўлиб, бу кейин ҳам шаҳар кўчаларидаги жиноятчиликка қарши курашда яхши дастуруламал эди. Сўнгги тўрт йилдан бери аҳоли ва полиция тўқнашувида ҳалок бўлганлар сони икки баробар ортди. Кўчаларда гангстерлар отишмаси одатий вазиятга айланиб қолди.

Катта спорт ўйини пайтида фойдаланилган бино-иншоотлар кейинчалик умумий фойдаланиш мажмуасига айлантириш режалаштирилган эди. Аммо бу ҳам бажарилмади, олимпиада учун қурилган 27 бинодан шу кунгача 15тасида спорт мусобақаси ўтказилди. Энг машҳур Маракана стадиони эса 950 минг АҚШ доллари миқдоридаги электр энергиядан қарздорлигини ёпмагани учун зулматда қолган.

Риодаги энг қашшоқ туманлардан бирида жойлашган Деодоро Олимпия боғи умуман ёпилиб кетди. Тумандаги сув ҳавзалари мажмуаси майда ҳашаротлар учун бошпана айланиб улгурди. Маълумотларга қараганда, ўтказилган "тозалаш" пайтида 200 нафар раҳбар мулозим лавозимидан бўшатилди. Қачонлардир машҳур бўлган собиқ президент Луис Игнасиу Лула да Силва 9 йил қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Олимпиада очилиши арафасида зика вирусидан зарарланиш хавфи ортган, сув ҳавзасида аниқланган камчиликлар анча шов-шув бўлганди.

 Минглаб томошабинлар сайр қилган майдонлар бугун ҳувиллаб қолган.