Фильмларда суратга тушиш қувноқ ва кўнгилочар, боз устига, миллионлаб доллар пул тўланадиган иш, деб ўйлайсизми? Ҳақсиз, лекин қисман. Замонавий фильмлар актёрларни хатарли ишларга бошламайди, чунки режиссёрлар борган сари махсус эффектларга кўпроқ мурожаат қилишмоқда. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлган эмас. Айни пайтдда Ҳолливуднинг ёрқин юлдузларига айланган аксарият актёрлар мураккаб, ҳаттоки хавфли трюкларни бажариб, ўз ҳаётини хавф остига қўйишган.

Сильвестр Сталлоне

«Рокки»нинг барча қисмлари Сталлоне учун энг севимли роллар бўлган. Актёр ролларни сидқидилдан ўйнашга киришиб кетиб, фильмнинг тўртинчи қисмида шунчалик ўйнаб юборадики, чинакам нокаут нималигини ўз танасида ҳис қилиб кўради. Қулатувчи зарбани бериш Сталлонега нисбатан яхшироқ тайёрланган ва жисмонан бақувватроқ Дольф Лундгреннинг чекига тушади. Съёмка давомида у Силвестрни шунақанги туширадики, оқибатда «Рокки» қаҳрамони бир ҳафта интенсив терапия палатасида даволанишга мажбур бўлади.

Кейт Уинслет

«Титаник» съёмкаларида Кейтнинг чиндан ҳам чўкиб кетишига бир бахя қолган. Ўзи сув остидаги съёмкалар кино олишда энг қийин иш ҳисобланади ва шундай ҳолатда актрисанинг кийими интерьер деталларидан бирига илиниб қолади. Каскадёрлар нима бўлаётганини англаб етгунларига қадар Уинслет сув остида икки дақиқа қолиб кетади.

Жейсон Стэтҳэм

Стэтҳэм ўз фильмлари қаҳрамони сингари жуда журъатли, жасур ва қўрқмас инсон ҳисобланади. Масалан, «Ушлаб бўлмаслар»нинг учинчи қисмида Жейсон юк машинаси бошқарувини эплай олмасдан, у билан биргаликда эстакададан сувга қулайди. Оний сониялар ичида Жейсон вазиятни тўғри баҳолаб, юк машинасидан сакрайди, сакраганда ҳам сув гирдоби униям қўшиб тортиб кетмаслиги учун узоқроққа сакрашни эплайди.

Том Круз

Ҳайрон бўлманг, кўринишидан ёқимтой бу йигит ҳам жангари фильмларнинг ҳар қандай қаҳрамонига сабоқ бера олади. Том Круз кўпинча хатарли трюкларни ўзи бажаради, гарчи карьераси аввалида унинг бу одати унга қимматга тушиши мумкин бўлган эса-да. «Топ Ган» фильми съёмкаларида Круз ҳўл парашютга ўралиб, чўкиб кетишига сал қолган.

Ҳолли Берри

Нозикниҳол хонимчалар ҳам баъзан ўзини хатарга қўйишни севишаркан-ей. Ҳолли Берри «Ташвишли чақирув» фильмида ўта мураккаб трюкни ўзим бажараман, деб туриб олган. Бетонли полга қўниш шунчали қаттиқ бўлганки, актриса съёмка майдонидан тўғри касалхонанинг жонлантириш бўлимига олиб кетилган.

Жеки Чан

Қария Жеки юзлаб марта ўлимга чап берган чиқар. Кинодаги карьерасининг аввалида актёр трюкларни ўзи бажарган — аввалига каскадёрлар учун пул бўлмаган, кейин эса бу ишга кўникиб қолган. Хитойлик бу чаққон актёр съёмка майдончасида олган жароҳатлар сонини санаб адоғига ета олмайсиз. «Полиция воқеаси» съёмкаларида у жуда жиддий жароҳатлардан бирини олган: металл устун орқали ерга сирғалиб туша туриб, у тос суягини чиқариб қўйган, умуртқа поғонаси синишига бир бахя қолган.