Халқаро тажрибада парламентар бошқарувнинг Вестминистер тизими мавжуд бўлиб, бундай ҳуқуқий асосланган механизм Буюк Британияда ишлаб чиқилган. Унинг ички олами ва табиати жуда мураккаб, лекин деярли муккамал даражада ишлайди. Энг қизиқ жиҳати эса «Соядаги ҳукумат»нинг тузилиши, унинг фаолияти ва амалдаги ҳукумат билан рақобатлашиб яшашидир. Ҳаммасини тушиниш учун бир бошдан бошлаймиз.

«Соядаги ҳукумат»​ асосан сайловда кам овоз тўплаб, парламентда катта ўрин эгалламаган ҳамда ҳукумат таркибига кира олмаган сиёсий партия вакилларидан тузилади. Муқобил бошқарув жамоасининг ҳар бир вакили тайинланган амалдаги ҳукумат таркибидаги вазирлар, раҳбарларга ўзини мухолиф, деб эълон қилади. Шунингдек, давлат бошқаруви, ислоҳотларнинг олиб борилиши ва ташқи сиёсат масаласида ҳукуматнинг у ёки бу ҳаракатини танқид қилиб, ўзининг ечимини таклиф этиб боради.

«​Соядаги ҳукумат»​ни мухолифат партиясининг энг таниқли ва обрўли сиёсатчиси бошқаради. Масалан, таълим вазирига қарши норасмий таълим вазири танланади, «​соя»​даги киши доимо унинг фаолиятини кузатиб боради, танқид ва таклиф билдиради. Амалдаги расмий вакил эса ўз лавозимига лойиқ бўлишга қаттиқ ҳаракат қилади.

Тарихда илк бор 1951 йил сиёсатчи Ҳаг Гейтскелл мамлакат Бош вазири Уинстон Черчилл бошқарувига бир томондан ёрдам бериш, иккинчи томондан уни танқид қилиш мақсадида «Соядаги ҳукумат» таркибини шакллантиради. Расман бу таркибдаги норасмий вазирлар «Ҳазрати Олияга содиқ мухолифат»​ деб номланади, чунки амалдаги ҳукуматга «​Ҳазрат Олияларининг ҳукумати»​ деб мурожаат қилиш қабул қилинган. Монарх ҳукмрон бўлган Бирлашган Қиролликда унинг мақомини шубҳа остига қўймаслик учун «содиқ» сўзи қўшиб ёзилади.

Ирландия қонун чиқарувчи органида кузатилгани каби баъзида учинчи тараф сиёсатчилари томонидан ҳам мухолифат яратилади. Бунинг билан кўпчиликни ташкил қилиб турган сиёсий гуруҳларни қўлламай, эркин фикрда қолишни истаган кишилар учун имкониятлар яратилади.

Бу сиёсий парламент тажрибаси Шри-Ланка, Малайзия, Канада, Багам ороллари, Таиланд, Сербия, ЖАР, Словения, Польша, Япония ва бошқа ривожланган давлатларда ҳам учрайди. Улардан яна бир машҳури - Италиядаги «Governo ombre», ўз маъносида у ҳам «Соядаги ҳукумат» ҳисобланади ва ҳукумат вакилларига қаршилантирилган мухолифат вакиллари эълон қилади. Агар Италия мисолида кўрсак, бу жараёнда ОАВ ҳам катта роль ўйнайди, негаки, норасмий вазирнинг таклифи ва ташаббуси бевосита маҳаллий ОАВда ёритилади, бундай «юришлар» халқ орасида қизиқиш билан кутиб олинади. Шунинг учун, кўп ғарбий давлатларда аҳолининг сиёсий абсентизм (нофаоллик) кайфиятида яшамаслигини, уларнинг кўпчилиги мамлакат сиёсий ҳаётига алоқадорлигини билдиришини ҳис қилиш мумкин.

Ўзбекистонда ҳам шунга турдош тажриба мавжуд, «​Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»​ги конституциявий қонуннинг 25-1 моддаси​да белгиланганидек, янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, шунингдек Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.​ Шундай қилиб, 2015 йил 16 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясини парламентда кўпчиликни ташкил этаётган Демократик кучлар блокига мухолифат деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қил​ган.