Халқаро пресс клубнинг Қашқадарё вилоятида ўтган, «Қашқадарё: тараққиёт, саноат ва агросалоҳият» мавусида бўлиб ўтган сайёр сессияси вилоят ҳокими Зафар Рўзиев вилоятдаги қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.

— Вилоятда 7000 га яқин фермерлар 60 минг гектар майдонда такрорий экинлар экишмоқда. Илгари сув, ўғит ва ёнилғи-мойлаш материалларини ўғирлашидан, ўз манфаати йўлида ишлатиб юборишдан қизғаниб, фермерларга такрорий экинлар ишлатишга йўл берилмас эди. Ҳозирда фермерларга янги имкониятлар эшиги очилгани инқилобий воқеа бўлди. Фермерларимиз дуккакли ўсимликлар етиштиришмоқда, асосан, мош, шунингдек, ловия, нўхат каби маҳсулотлар ҳозир пишиш арафасида. Бу маҳсулотларни Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатларга экспорт қилиш назарда тутилган, — деди вилоят ҳокими.

Шу вақтгача вилоятда етиштирилган пахтанинг улкан ҳосилини қайта ишлаш имкониятлари чегаралангани ҳақида тўхталар экан, бу борада вазиятни ўнглаш учун З.Рўзиев қилинаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди:

— Қашқадарё улкан салоҳиятли вилоят. Вилоятимизда 420 минг тонна пахта, 1,5 миллион тонна ғалла етиштирилади. Лекин вилоятда етиштирилган пахтанинг бор-йўғи 6 фоизи шу ерда қайта ишланарди. Ип-калава, текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятлари деярли йўқ эди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифидан сўнг бу соҳада ҳам инқилобий ўзгаришлар содир бўлди. Соҳага Хитой ва Нидерландиянинг юксак технологиялари олиб кирилиши давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилди. Янгидан барпо этиладиган 6та текстил корхонаси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Айни пайтда Хитойнинг LT-textil компанияси билан ҳамкорликда янги корхона қуриб фойдаланишга топширилди. Биринчи навбатида 500 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Йил сўнгига қадар яна 500та, 2018 йил мобайнида яна 1000та иш ўрни — жами 2000та иш ўрни яратилади.

Шу йилнинг охирига қадар вилоятда етиштирилаётган пахтанинг 40 фоизини ўзимизда қайта ишлашга эришмоқчимиз. 2018 йил мобайнида бу кўрсаткични 60 фоизга етказишни режалаштирганмиз. Албатта, буларнинг барчаси вилоят салоҳиятини юксалтириш йўлидаги инқилобий ўзгаришлар ҳисобланади, — деди Қашқадарё вилоят ҳокими.