Ушбу хатни Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги биолабораториянинг бир гуруҳ ходимлари номидан ёзаяпман.

2017 йил 27 июль куни Ўзбекистон Президенти виртуал қабулхонасига ҳам бу тўғрида мурожаат ёзган, унда бизларга фермерлар учун ажратиладиган пахта имтиёзли кредитидан ажратилиши лозим бўлган мақсадли кредит маблағлари февраль–май ойларида ажратилмагани, оқибатда биз ишчиларимизни иш ҳақи билан таъминлай олмаганимизни айтиб, июль ойи кредитидан биз пул ажратилишида ёрдам сўраган эдик.

30 июль куни «Агробанк»нинг Зарбдор туман бошқарувчиси ўринбосари Ҳикмат Абдуллаевич бизга учрашиб, олишимиз лозим бўлган барча суммани ортиғи билан олганимизни, шу сабабли ҳеч қандай эътирозимиз йўқлиги ҳақидаги хатга имзо чекиб беришимизни талаб қилди. Табиийки, биз бош тортдик.

Оқибатда «Агробанк»дан 2017 йил 29 июль куни №21-1-12/1251 рақамли мутлақо масъулиятсизлик билан битилган жавоб хатини олдик.

Биз Жиззахдан туриб шикоят ёзсак, бошқарув раиси ўринбосари в.в.б. Н.Аманов Қашқадарёга ўтиб кетган.

Хуллас, хатда айтилаётган тавсияда (илова қиламиз), бир гектар пахтага биоишлов учун 7212 сўм ажратилиши лозимлигини таъкидлаган.

Табиийки, минг гектарга 7.121.000 сўм. Лекин, биз 71.212.000 сўм, дея тушунишимизни айтдик. Негаки, йил давомида республика биолабораториялар маркази тавсиясига кўра биз ҳар бир гектар пахтага бир йил давомида тўққиз-ўн мартага қадар ишлов берамиз.

Маҳсулотни пахта даласига ўзимиз етказамиз. Ҳар бир биолабораторияда камида беш киши ишлайди. Ойига ҳар бир ишчига энг камида 400.000 сўм иш ҳақи белгиланса ҳам, ҳар ойда 2.000.000 сўм иш ҳақи, яна бир миллион сўм солиқ ва ажратмаларга параллел тўловларни амалга оширишимиз лозим.

Ўртача ҳар бир биолаборатория 3000 тонна пахта етиштиришга хизмат кўрсатса, бир йил давомида биз фақат иш ҳақига 36 млн. сўм маблағ олишимиз лозим. Бошқа харажатлар-чи?

«Агробанк» эса ўз жадвалини рўкач қилиб, «21 млн. сўм тўлашимиз керак эди, сизларга кўп бериб қўйибмиз», деяпти.

Агар шунақа бўлса, биз биолаборатория юритишни тўхтатиб, эшикларимизга қулф солишимиз лозим бўлади. Оқибатда пахтачилик соҳаси ҳосилдорликдан ҳар бир гектардан 10 центнергача зарар кўриши муқаррар. Бу пахтачиликка, ўзбек иқтисодига нисбатан жуда катта жиноят билан баробар. Ана шу масалаларга ойдинлик киритиб, бизга берилиши лозим бўлган фермерларнинг кредит маблағларини олиб беришда амалий ёрдам кўрсатишингизни илтимос қиламиз.

Абдулқосим Мамарасулов,

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги «Гулноза-Зулхумор» хусусий биофабрикаси раиси.

Таҳририятдан: Вазият чиндан ҳам ўта чигал. Агар биолаборатория ходимлари чиндан ҳам пахта пайкалларига 9-10 мартадан чиқадиган бўлса уларнинг ҳар бир чиқиши учун алоҳида пул тўланадими? Уларнинг ҳар чиқишини фермерлар қайд этиб борадими? «Агробанк» эса умумий тарзда, бир мавсумда биоишлов учун гектарига 7212 сўм тўлаши керакми ёки ҳар бир ишлов учун ана 7212 сўмдан алоҳида ҳисоб-китоб қилиши? Вазиятга ойдинлик киритилиши учун «Агробанк»дан жавоб кутиб қоламиз.