АҚШда бассейнда чўмилаётган аёл ундан чиқа олмагандан кейин Facebook орқали дўстлари ва обуначиларига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда ABC телеканали хабар берган.

Таъкидланишича, ушбу воқеа Нью-Гэмпшир штатида яшовчи 61 ёшли Лесли Кан билан юз берган.

У ўз уйи ҳовлисида жойлашган бассейнда бир ўзи чўмилаётган бўлган. У бассейндан зинапоя орқали чиқмоқчи бўлганда, зиналардан бири синиб кетган ва аёл бассейндан чиқа олмаган.

Воқеа юз берган вақтда уйда бошқа ҳеч ким бўлмаган. Шунда аёл сачок ёрдамида яқин орада ётган iPad’ни ўзига тортиб олиб, ўзи яшайдиган туман аҳолисининг Facebook’даги гуруҳига ёрдам сўраб хабар ёзган. У эътиборни жалб қилиш мақсадида ёзувга фавқулодда хизматлар телефон рақами –  911’ни қўшиб қўйган.