Япония Альпларида йўқолиб қолган кекса альпинист уни 20 августда қутқарувчилар топгунларига қадар биргина шоколад ва сув истеъмол қилиш билан бир ҳафта тоғларда яшай олди.

NHK телеканали маълумотларига кўра, 74 ёшли Киёюки Цуцуи тоққа кўтарилиш учун 10 августда Хиросимадан Ниигата префектурасига келган. Режага кўра, альпинист тоққа кўтарилишни 13 августда бошлаши ва 4 кундан кейин орқага қайтиши керак эди.

Бироқ тахминан минг метр баландликда кекса альпинист қоқилиб кетиб, сўқмоқдан сирғаниб кетган.

Цуцуи йўқолгани ҳақида унинг қариндошларидан бири 18 августда полицияга мурожаат қилгандан кейин маълум бўлган. Қарияни 20 август эрталаб вертолётдан аниқлашга муваффақ бўлинган. Таъкидланишича, унинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.

Цуцуининг айтишича, у бу вақт давомида фақатгина шоколад еган ва сойдан сув ичган ҳамда совқотмаслик учун ёмғирпўш кийиб юрган.