Япониялик мутахассислар океан оқимлари ҳисобига энергия ишлаб чиқарувчи қурилмани тўлиқ кўламли синовдан муваффақиятли ўтказдилар. 20 августда NHK япон телеканалининг маълум қилишича, тажриба Кутиносима оролининг жануби-ғарбида 5 кун давомида ўтказилган. Бу ерда кучли Куросио оқими ўтади.

“Кайрю” деб ном олган тизим IHI Corporation компанияси ҳамда Янги энергетика ва саноат технологияларини ривожлантириш ташкилоти томондан ишлаб чиқилган. У ҳар бирининг узунлиги 20 метр келадиган учта металл цилиндрдан иборат. Иккита цилиндр икки томонидан диаметри 11 метрлик парракларга эга генераторлар билан жиҳозланган.

Улар оқим ҳисобига айланиб, электр энергия ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариладиган умумий қувват 100 кВтни ташкил қилади. Учинчи цилиндр эса бутун тизимнинг сузувчанлигини таъминлайди. Электр энергия қуруқликка кабеллар орқали узатилади. 

Синовлар вақтида қурилма 20 метрдан 50 метргача чуқурликкача туширилиб, қувватнинг ўзгариши кузатилган. Бунда ишлаб чиқарилган энергиянинг максимал қуввати 30 кВтни ташкил қилган. Қурилма яратувчиларининг айтишича, бу дунёдаги бундай биринчи муваффақиятли синов ҳисобланади. 

“Бу ҳудудда Куросио оқимининг жадаллиги ва йўналиши жуда барқарор бўлгани сабабли, биз тадқиқотларни айнан шу ерда давом эттирмоқчимиз”, деб айтган мутахассислардан бири. Унинг айтишича, энергияни олишнинг бундай усули қуёш панеллари ёрдамида олиш усулидан барқарорроқ бўлиши мумкин, чунки оқимлар жадаллиги деярли ўзгармасдир, қуёш панеллари иши эса кун қисмига боғлиқ. 

2020 йилга келиб ушбу қурилмалардан тижорат мақсадида  фойдаланишни бошлаш режалаштирилмоқда.