Австралия бош вазири Малколм Тернбуллнинг маълум қилишича, мамлакат ҳукумати одамлар гавжум бўладиган жойларни терроризмдан ҳимоя қилиш бўйича махсус чораларни ишлаб чиқади.

Стратегияга кўра, хавфсизликни таъминлаш ишларига нафақат куч тузилмалари, балки маҳаллий ҳокимиятлар, тадбиркорлар ҳам жалб этилади, деб хабар бермоқда ТАСС.

«Биз маълум мезонларни аниқладик. Уларга кўра, маҳаллий ҳокимиятлар, турли муассасалар маъмуриятлари, корхона ва савдо нуқталари эгалари ўз объектларининг террорчилик хуружларига қарши ҳимояланганлигини баҳолаши мумкин бўлади», - дея маълум қилди бор вазир.

Хусусан, Тернбуллнинг сўзларига кўра, махсус бетон тўсиқларни ўрнатиш таклиф этилмоқда. Улар пиёда зоналари ва савдо марказлари ҳудудида машинада кишиларнинг устига бостириб боришнинг олдини олади.

Эслатиб ўтамиз, 17 август куни Барселонада марказида микроавтобус одамлар устига ҳайдаб борилди. Юз берган ҳолат теракт сифатида баҳоланди. Кейинчалик Камбрильса шаҳрида террорчилар фургонда пиёдалар зонасига бостириб боришга уринишди.