Риполь шаҳарчасидаги 500га яқин киши, асосан марокашликлар қатновчи масжид имоми Абдулбоқий Ас-Саттий Барселонадаги терактни ташкил қилишда гумон қилинмоқда. Портловчи моддалар сақланган бинода тахминан шу кишининг қолдиқлари топилган. El Pais шу ҳақида хабар берди

Таъкидланишича, Ас-Сатийнинг чиқишлари радикал исломга мутлақо алоқадор бўлмаган. Бироқ икки ой олдин у кутилмаганда Риполни тарк этган. Қўшниларининг тахмин қилишича, у Белгияга кетган бўлиши мумкин (имом бир неча марта Белгияда бўлган). Версиялардан бирига кўра, айнан ўша ерда у террорчилар билан алоқа ўрнатган бўлиши ва шу тариқа Барселонадаги теракт ташкилотчилардан бирига айланган бўлиши мумкин.

Газета маълумотларига кўра, полиция Ас-Саттийнинг уйида тинтув олиб борган, бироқ у ерда терактга алоқадор ҳеч қандай далил топа олмаган. 

Бундан аввал El Espanol нашри террорчиларнинг дастлаб Барселонадаги «Саграда-Фамилия» ибодатхонасига «Иблиснинг онаси» портловчи моддаси ёрдамида ҳужум уюштирмоқчи бўлгани ҳақида ёзишганди. Бироқ тасодифий портлаш уларнинг режасини ўзгартириб юборган ва террорчилар Рамбла кўчасида теракт содир этишган.