Буюк Британия ҳукумати автотранспортдан фойдаланилган ҳолда амалга оширилувчи терактлар билан кураш доирасида автомобилларни ижарага беришда қўшимча текширувларни жорий қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Telegraph газетаси ёзмоқда.

Нашр маълумотига кўра, британиялик вазирлар террорчилар автомобилларни осонлик билан ижарага олишлари мумкин эканидан жуда ташвишдалар.

The Telegraph манбаларининг сўзларига кўра, автомобилларни ижарага бериш бўйича компанияларга тақдим этилувчи маълумот қидирувдаги жиноятчилар рўйхати билан солиштирилади. Бу маълумотларга мижозларнинг исми, манзили ва молиявий аҳволи киритилади.

Таъкидланишича, Британия ИИВ ва транспорт вазирлиги автомобилларни ижарага бериш компаниялар вакиллари билан музокаралар доирасида қатъийроқ чораларни киритиш масаласини муҳокама этишган.

Вазирлар автомобилни ижарага беришдан аввал эҳтимолий террорчиларни аниқлаш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифасини топширишган.

Бироқ, ҳозирча бу борада якуний ўзгартиришлар киритилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 17 август куни Барселонада марказида микроавтобус одамлар устига ҳайдаб борилди. Юз берган ҳолат теракт сифатида баҳоланди. Кейинчалик Камбрильса шаҳрида террорчилар фургонда пиёдалар зонасига бостириб боришга уринишди.