2017 йилнинг 15 август куни соат 21:45 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тез ҳаракат қилиш махсус отряди навбатчисига фуқаро В.А. телефон орқали мурожаат қилиб ёрдам сўради, деб хабар бермоқда ФВВ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, фуқаролар В.А. ҳамда Й.А. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига дам олиш учун келишади. Ҳеч қандай тоғ тайёргарлиги ва махсус анжомларсиз улар Чимён тоғига саёҳат қилиш учун чиқишади. Тоғда фуқаро Й.А. йиқилиб кетиб, ҳушидан кетади.

Тез ҳаракат қилиш махсус отряди қутқарувчилари зудлик билан қидирув ишларини бошлашади ҳамда шу куннинг ўзида соат 23:40да жабрланганларни тоғ чўққисида топишади.

Қутқарувчилар жабрланган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни яқиндаги аҳоли пунктига олиб тушиб шифокорларга топширишди.