Халқаро пресс клубнинг Сурхондарё вилоятида «Сурхондарё: Бой мерос, туризм ва ислоҳотлар уйғунлиги» мавзусида бўлиб ўтган сайёр сессиясида Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятнинг ижтимоий соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.

— Жорий йилда 218 та объект қурилиши, жиҳозланиши ва реконструкция қилиниши учун 505 миллирад сўм маблағ ажратилди. 2016 йилда бу кўрсаткич 238 миллиард сўм бўлган. «Амударё соҳили» дам олиш маскани бугун одамлар билан жуда гавжум. Шу ерни барпо этишдан аввал давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев ўзи шахсан келиб, қадам ба қадам юриб кўриб, концепциясини белгилаб берган эди.

Вилоятда барча ўзгаришлар босқичма-босқич, тартиб билан амалга оширилади. Ўтган қисқа вақт ичида жуда катта ўзгаришларни амалга оширдик. Одамлар унинг дастлабки нишоналарини ҳис этиб, кўра бошлашди.

Оддий мисол: президентимиз ташриф буюрганларида шу Амударёда ўсиб ётган битмас туганмас қамишларни ҳам маҳаллий тадбикорлар олиб фойдаланса бўлади, деган таклифни ўртага ташлаган эди. Термизлик тадбиркорлар айни пайтда ушбу қамишларни ўриб олиб, қуритиб, ДСП фанерлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди. 1 кунда 5 минг квадрат метр фанер ишлаб чиқарилмоқда. Россияда ишлаб чиқарилган ДСП ва ўзимизнинг маҳаллий фанерни 1 сутка сувга солиб қўйиб, синадик. Ўзимизники намгарчилик ва сувга ўта чидамлилиги ойдинлашди.

365 миллион доллар эвазига 15 та янги саноат корхоналари барпо этилмоқда. Шу пайтгача вилоятда етиштирилаётган пахта толасининг 4,5 фоизига вилоятнинг ўзида қайта етиштирилар экан. 2018 йил охиригача бу кўрсаткични 11 фоизга кўтаришни режалаштирганмиз. 2021 йилгача вилоятда етиштириладиган пахтани 100 фоиз ўзимизда қайта ишлаймиз.

337 минг аҳолининг 43 минг гектар томорқаси мавжуд. Сурхондарё республикамиздаги сув таъминоти ўта қулай ҳудуд ҳисобланади. Вилоят ҳудудидан учта катта серсув дарё оқиб ўтади. Сув таъминотидан ҳам оқилона фойдаланиб, янги ерлар ўзлаштириш, қишлоқ хўжалигини янада юқори даражага кўтариш режаларимиз турибди.

Сариосиёдаги «Тўпаланг» сув омоборини 2 босқичини ишга тушириш ва унинг сув захирасини 500 миллион куб метрга етказиш устида иш олиб бормоқдамиз. Шунингдек, сел сувларини тўплаш учун кичик сув омборлар ташкил этиш, бу сувларни қишлоқ хўжалигига йўналтириш каби масалалар турибди.

Вилоятда пахта терими бошланган. Жарқўрғонда Боботоғ олди ҳудудларида 5 сентябрда ҳосилдан бўшаган пахта даласини карчопка қилишга ўзим рухсат бердим. Ўрнига пиёз экилади ва у апрель ойининг бошида пишиб етилади. Чунки бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишимиз керак, буни барча ҳудудларимизда жорий қилмоқдамиз.

Деҳқонларимиз 3 млрд. 200 млн. сўм нақд пулига минерал ўғитлар харид қилишибди. Албатта, уларни етали ўғитлар, дорилар, ёнилғи-мойлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш ҳам бизнинг асосий вазифамизга айланиши керак. Чунки бундан деҳқон ҳам, халқ ҳам ютади. Тижорат банкларимиз ҳам фермерларимизга минерал ўғитлар учун 26 миллиард сўм аванс ажратган. Буларнинг барчаси мўл ҳосилнинг гарови.