Таҳририятимизга Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи Аҳмаджон Холбўтаевдан шикоят хати келиб тушди.

Мен Гулистон тумани Зарбдор маҳалласидаги намунавий уйда яшайман. Намунавий уй 2011 йилда қурилган. Ушбу мурожаатни маҳалламизда яшовчи барча оиланинг номидан йўлламоқдаман.

Мурожаатимнинг мазмуни шундан иборатки, мана, 6 йилдирки, кўчамизга асфальт ётқизилмаган.

Ёзги мавсумда чанг кўтарилиб аҳолининг, айниқса ёш болаларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қишки мавсумда йўлда сув тўпланиб, лой кечиб юришимизга тўғри келмоқда.

Ёш болалар боғча-мактабга боришга жуда қийналмоқда. Гулистон туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга бир неча йилдан бери мазкур муаммо бўйича мурожаат қилиб келмоқдамиз. Мана, 6 йилдирки бир хил гап: «йул дастурга киритилган, яқинда бўлади», деб такрорлашдан чарчашмаяпти.

Ахир намунавий уйлар қурилган маҳалла намуна бўлиб туриши керак эмасми? Илтимос, мазкур масалини KUN.UZда ёритиб чиқарсаларингиз.

Таҳририятдан: Гулистон тумани ҳокимлиги мутасаддиларини ушбу муаммога жиддий ёндашишларини истар эдик. Чунки намунали уйлар массиви қурилаётганда унинг кўчаларини ободонлаштиришни маҳаллий ҳокимликлар ўз зиммасига олиши, лойиҳа тасдиқлангач, бунга яраша пул ҳам ажратилган бўлишини барчамиз жуда яхши биламиз.