18 август куни Бекобод шаҳрига ташриф билан борган Президент Шавкат Мирзиёев шаҳар фаоллари билан йиғилишда сўзга чиқди. Йиғилишда давлат раҳбари Тошкент вилоятининг ҳозирги ҳолати ҳақида тўхталиб ўтди. 

“Жонажон ватанимизнинг ўз мавқеи, ўз ўрнини топиш, дунё ҳамжамияти билан муносиб бўлиш, буларда ягона Ўзбекистон манфаатини жойига қўйиш ҳаракатидамиз. Чиқаётган барча қонун, қарорларнинг тагида битта нарса – одамларни рози қилиш, одамларнинг дардини билиш. Пастга тушиб, шу одамларни дарди билан яшаш энг катта, ягона мақсадимиз.

Тошкент вилоятига учинчи маротаба келмоқдаман. Нима учун? Тошкент вилоятида охирги мустақиллик йилларида ҳамма соҳалар бўйича ривожланиш орқада қолгани бу – адолатли ҳақиқат. Бу кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди, лекин шунча имконияти бор, Худо назар қилган юрт бўлган, мана шундай бой ер ости, ер усти имкониятларга эга бўлган, қудратли, меҳнаткаш, забардаст халқи бўлган вилоят минг афсус ҳозирги замон талабига муносиб яшаш даражаси бўйича жавоб бермайди, десак, бу адолатдан бўлади.

Виртуал қабулхона, Халқ қабулхоналарга бизга одамлардан келаётган кўп-кўп масалалар кечирасизлар, бошқа вилоятларга нисбатан оддий одамни қийнаётган муаммолар ечилмагани – бу ҳам ҳақиқат. Умуман, эга топилмади шу мустақиллик йилларида, биронта бир баракали ҳоким келмади, десак – бу ҳам ҳақиқат. Биласизми, мен ҳам икки вилоятнинг ҳокими бўлганман. Лекин оғир-оғир вилоятларда ишлаганман. Агар ўзининг Ватанига садоқати ва меҳнатини кўрсатаман, деган ватандошимиз ёки шу халққа хизмат қиламан деган одам Тошкент вилоятининг имконияти, Тошкент вилоятининг халқи, Тошкент вилоятининг қудрати бор вилоят йўқ, десак, менга ишонинглар”, - дейди Президент.