Америкалик 5 ёшли Идрис Ҳилтон NASA космик агентлигидан жавоб мактубини олди. Бола ундан аввал агентликка йўллаган мактубида ракета расмини чизиб, космонавтлар учун шундай қурилма яратиш таклифини билдирган эди. 

«Бу сизлар учун ракета. Илтимос, космонавтлар учиши учун шундай ракета яратинг. Мен ҳам ўз ракетамда космосга учаман. Менга космонавт лицензиясини берсангиз».

"Ёш муҳандис"нинг отаси ижтимоий тармоқларга NASA'дан жавоб олган бахтиёр ўғлининг суратини жойлаган. Идрис Ҳилтон космосга учишни орзу қилади, шунинг учун у уйга ўхшаб кетадиган ракета расмини чизган. Бола расмдагидек ракета қуриш ва унга космонавт лицензиясини бериш сўралган қисқа мактуб ёзган. Шундан кейин Идрис мактубни NASA'га юборишни сўраб отасига мурожаат қилган, ўғли ҳадеб такрорлайвергач, отаси унинг хатини ташкилотга йўллаган. 

Бироз вақтдан кейин почтачи болага жавоб мактубини олиб келган. Бола отасига қўнғироқ қилиб, NASA'дан жавоб келганини айтиб хурсандчилиги билан бўлишган. Конвертда боланинг хати ва расми, шунингдек миннатдорчилик мактуби ҳамда NASA наклейкаси бўлган. 

Космик ташкилот мактубда бундай ёш издошлари борлигидан хурсандлигини билдирган. Кичик Идрис ўз орзусини унутмай, келгусида вояга етиб, космонавт ёки космик ракеталарни қурувчи муҳандис бўлса, NASA бундан шод бўлиши маълум қилинган.