Айни дамда Бакуда бўлган ўзбекистонлик журналист Шуҳрат Барлос озарбойжонлик таниқли дизайнер Фахрия Халафова билан суҳбатлашиб, унинг ўзбек матоларидан яратаётган либослар коллекцияси ва Ўзбекистон ҳақидаги фикрларига қизиқиш билдирди. Ушбу видео International Eurasia Press Fund'нинг YouTube каналида тақдим этилди.

- Озарбойжонлик дизайнер Фахрия Халафова ўзбек маданияти, ўзбек матолари, ўзбек бўёқларини ва умуман ўзбекларнинг маънавий оламини қандай қабул қилмоқда?

- Мен ўзбек матоларига доим қизиқиб келганман. Ўзбек матолари, нақшлари, ипаклари - улар мени доимо қизиқтириб келган. Менинг уйимда, ишхонамда ўзбек матоларининг бир неча намунаси туради. Ўзбекистондан келадиганларга доим "менга ўзбек матоларидан олиб келинг" деб айтаман. Бу йил эса айнан ўзбек ипакларидан либослар коллекциясини яратишни ўзимга мақсад қилдим. Ушбу ғоямни амалга ошириш учун табиийки, ўзбек матолари керак эди. Дўстларим менинг истакларим ҳамда дидимга мос матоларни танлаб, келтириб беришди ва мен ушбу коллекция устида иш бошладим. Айтишим мумкинки, бу коллекция устидаги ишлар мени буткул бошқа оламга олиб кирди. Мен ўзим учун янги ранглар, янги бўёқлар бирикмаларини кашф қилдим. Ўзбек матоларини кузатиб, қандай қилиб уларда шунча рангларни уйғунлаштириш мумкинлигига ажабланардим. Бунинг учун, албатта, катта маҳорат, истеъдод талаб қилинади ва табиийки, бу асрлар оша шаклланган халқона қадриятларга, манбаларга бориб тақалади . Уларнинг Ўзбекистонда асл кўринишда сақланиб қолгани таҳсинга сазовордир. Бу катта илҳом манбаси ва ишлаш учун жуда яхши материал ҳамдир.

- Ўзбекистон ҳақида таассуротларингиз қандай?

- Албатта, энг ёрқин таассуротлар - болаликдаги, ёшликдаги  таассуротлар. Афсуски, ҳозирча Ўзбекистонда бўлишга муваффақ бўлмадим. Бироқ бизнинг уйимизда суратлар жуда кўп. Мен сизга шу суратлар тарихини айтиб бераман. Онам ва опам ўз таътилларини Ўзбекистонда ўтказишган, бу уларнинг орзулари эди. Ўша пайтлар мен мактабда ўқирдим, опам эса - олийгоҳда. Онам ҳам олийгоҳда ўқитувчи бўлган, онам ва опамнинг таътили меникига тўғри келмай қолган. Шу боис онам билан опам кетишган. Улар бу таътилга қандай тайёргарлик кўришгани, қандай ҳаяжонланишгани ҳануз ёдимда. Мен ўзим бора олмаганимдан жуда афсусланганман. Улар Ўзбекистонга бориб, у ердаги барча диққатга сазовор жойларни томоша қилишган ва кўп суратлар олиб келишган. Онам фото санъатининг катта мухлиси бўлганлар. Шу боис жуда кўп жойларни суратга олганлар. Улар Самарқандда бўлиб, у ердаги гўзал масканларни ҳам суратга олишган. Мен бу суратларга узоқ тикилиб ўтирардим ва эҳтимол, шу нарса менинг онгимга таъсир қилган ва менда ҳам бир куни келиб албатта Ўзбекистонга бориш истагини уйғотган. Ҳозирча бу орзуим амалга ошмади. Бироқ тез орада бу юртга боришимни ҳис қиляпман. Нафақат сайёҳ, балки ижод кишиси сифатида Ўзбекистонга боришдан ва ўз санъатим билан бўлишишдан жуда хурсанд бўламан. Табиийки, мода санъати - халқаро санъат, унинг муайян тили йўқ. Биз подиумда ўз ижод маҳсулимизни сўзсиз намойиш этамиз. Бироқ шу 15-30 дақиқа ичида биз худди театр режиссёрлари каби кўп нарсани етказишимиз мумкин. Модельерлар айнан шундай ишлашади. Шундай экан, ўйлайманки, тез кунда Ўзбекистонга бориб, ўз санъатимни тақдим этаман. Асосийси, Ўзбекистонга бориб, ёшлигимдан қабул қилган тасаввурларимни ўз санъатим орқали етказиб бериш.

- Биламизки, Озарбойжон ва Ўзбекистон - қардош мамлакатлар. Шундай бўлса-да, модельер-дизайнер сифатида ўзбек матоларини олиб, улардан коллекция яратиш ва уни дунё миқёсида намойиш этиш фикрига қандай келдингиз?

- Мен карьерамнинг бошиданоқ, бутун фаолиятим давомида ўз олдимга катта вазифалар қўйганман. Ўз коллекцияларимни Парижда намойиш қилишни мақсад қилганман, табиийки, Париж - бу мода маркази, бу ҳаммага маълум. Менинг Париждаги биринчи намойишим 1997 йилда "Etical fasion" фестивали доирасида бўлиб ўтган. Унда этник тенденциялар замонавий мода билан уйғунлашиши керак бўлган. Мен ўзбек матолари, ўзбек ипакларидан яратилаётган коллекциям устида иш бошладим. Ишончим комилки, бу коллекциямни халқаро подиумларда намойиш қиламан. Мен бу гўзалликни дунё билан бўлишмоқчиман ва албатта шундай қиламан ҳам, бу менинг режаларимда бор. Унга қадар эса табиийки, Озарбойжон ва Ўзбекистонда ҳам либослар тақдимотини ўтказаман. Ўйлайманки, ҳар бир халқнинг асл миллий санъатини албатта жаҳон ҳамжамиятига намойиш қилиш керак.

Бундан ташқари суҳбатда Фахрия Халафованинг парфюмерия йўналишидаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидлаш жоизки, у 2013 йилдан буён ҳам аёллар, ҳам эркаклар ифорларини яратиб, уларни ўзига хос тақдим этади.

"Парфюмерия бизнесидаги тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, бу борада ўз тасаввуримга эгаман. Табиийки, бу йўналишни янада ривожлантиришга ҳаракат қиламан. Бунда асосий эътиборни яқин, қардош халқларга қаратаман. Шу боис Ўзбекистон борасида жиддий режаларим бор. Энг катта тилагим: барча халқлар тинчликда яшасин! Ҳар доим тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурсин, бу жуда муҳим. Шу билан бирга барчага бахт, фаровонлик, катта ютуқлар тилаб қоламан", - дея сўзларини якунлади озарбойжонлик дизайнер-парфюмер.