18 август куни Тошкентдаги RAMADA меҳмонхонасида Ҳинд таомлари фестивали ўтказилди. Тадбирда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар ҳамда элчихона маслаҳатчиси иштирок этишди. 

Ҳинд таомлари фестивали кўтаринки руҳда бошланди. Кечада ҳиндча рақслар, қўшиқлар ижро этилди. Сўнгра барча меҳмонлар, тадбир иштирокчилари Ҳиндистоннинг мазали таомлари тортиқ қилинган дастурхонга таклиф этилди. 

Суреш Кумар, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси: 

"Августнинг сўнгги кунларида Тошкентдаги турли меҳмонхоналарда ҳинд таомлари фестивали ўтказилмоқда. Якуний маданий тадбир 27 август куни Чирчиқдаги "FUN AND FOOD VILLAGE" аква боғида бўлиб ўтади. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги илиқ муносабатлар ҳамиша мустаҳкам кучга эга. Ўзбек ва ҳинд таомлари ўртасида ўхшаш жиҳатлар жуда кўп. Масалан, сиз севиб тановул қиладиган ош палов - ҳиндча "биряни", сомса - "самоса", ҳолва - "ҳалва"га жуда ўхшайди. Уларнинг таркибий қисмида ҳам деярли бир хил масаллиқлар ишлатилади.  Бугунги тадбир орқали меҳмонлар таниқли ҳинд таомларидан баҳраманд бўлиш ва бир лаҳзага бўлса-да ўзларини Ҳиндистонга тушиб қолгандек ҳис этиш имконига эга бўлишди".

Метали Дони, RAMADA меҳмонхонасининг ташкилий ишлар бўйича директори: 

"Ҳинд маданияти доимо жаҳон мамлакатларини ўзига ром этиб келган. Бугунги фестивал эса ҳинд ошхонасининг ўзгача таъмини намойиш этишга имкон берди. Меҳмонхонамизнинг маҳоратли ошпазча Шимолий Ҳиндистон таомлари ва егуликларини тайёрлашди. Ўйлаймизки, бугунги дастурхон меҳмонларга манзур бўлди".