Халқаро пресс клубнинг «Тет-а-тет» дастурида клуб модератори Шерзодхон Қудратхўжаев Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов билан юзма-юз суҳбатлашди.

Вилоятлар ҳокимлари ичида энг ёши бўлган Эркинжон Турдимов (1969 йилда туғилган, икки ўғил ва бир қизнинг отаси) 2016 йил 16 декабрда Навоий вилояти ҳокимлигидан янги вилоят раҳбарлигига ўтказилган эди.

— Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга бир неча бор ташрифидан сўнг турли соҳаларда вилоят салоҳиятини юксалтиришга умумий ҳисобда 5 млрд. 200 млн. АҚШ доллари ажратилиши маълум қилинган эди, — деди Э.Турдимов. — Бойсун туманида газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш саноати ишга туширилади. Шерободда 212 млн. доллар эвазига цемент заводи барпо этилмоқда ва у 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар ишга туширилади. Шарғун кўмир конида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига берилди, бу соҳага 100 млн. доллар инвестиция киритилиб, ҳозирги вақтда йилига қазиб олинаётган 350-360 минг тонна тошкўмир ҳажми йилига 900 минг тоннага етказилиши белгилаб қўйилган.

Навоий ва Сурхондарё вилоятларини таққослар экан, Э.Турдимов шундай деди:

— Навоий энди ўта саноатлашган вилоят. У ерда ялпи миллий маҳсулотда саноат маҳсулотларининг улуши жуда юқори. Навоий донор вилоят ҳисобланади, чунки ишлаб топиладиган маблағларнинг 76 фоизи республика бюджетига йўналтирилади. Сурхондарёда эса маблағларнинг 30–35 фоизи субвенция ҳисобидан олинади.

Айни пайтда вилоятда 5 та туман ва Термиз шаҳри субвенциядан чиққан. 8 та туман ҳамон субвенцияда. Икки туман — Музработ ва Қизириқ жуда оғир туманлардан ҳисобланади. Булар борасида сентябрь ойида янги қарор қабул қилинади ва бу ерда аҳоли турмуш даражасини, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳаракат қиламиз.

Сурхондарёдаги бошқарув услуби ҳақида гап очган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўзининг бошқарувда фойдаланадиган баъзи услублари билан ўртоқлашди:

— Айни пайтда туманларда тўртликлар ташкил этилган. Тумандаги тўртта раҳбарнинг ҳар бирига вилоят ҳокимлиги ҳисобидан планшетлар тарқатилган. Ахборот технологиялардан фойдаланилган ҳолда уларни бошқариб турибмиз. 

Ҳар бир раҳбарнинг иш режаси бўлиши керак. Биз кундалик режалардан ташқари, чораклик бўйича асосий йўналишларимиз белгиланган умумий режалар тузиб оламиз ва буларни ҳам туманларга ўз каналларимиз орқали тарқатамиз. Ҳар шанба куни бирорта туманга бориб, аҳоли ўртасида, халқ билан юзма-юз учрашиб, муаммоларни жойида ўрганишни одат даражасигача кўтардик.

Сурхондарё телевидениесида ҳам жонли эфирда ҳокимлар ва турли ташкилотлар раҳбарлари чиқиш қилишмоқда. Буни илк бор йўлга қўйганимизда 402 нафар фуқародан 624 та турли савол келиб тушган эди.

Вилоятда турли давлат ташкилотлари, корхоналари бор. Бу ишларда, албатта, улар ҳам мададкор бўлишлари лозим бўлади. Айни пайтда бизга келиб тушадиган мурожаатлар ёзиб олинади, унинг ижроси назорат қилинади. Мурожаатчининг телефон рақамлари ёзиб олиниб, ўзимиз ташкил этган назорат гуруҳи томонидан унинг мурожаати қай тартибда ҳал этилгани текшириб турилади.

Жума кунлари вилоятда ўтказиладиган видеоселектор давомида ташкилотлардан муаммоларнинг қай тахлит ҳал қилинаётгани бирма-бир сўраб чиқилади. 

Суҳбат давомида вилоят ҳокими қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган натижалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

— Бу йил вилоят миришкорлари гектаридан ўртача 53 центнердан ғалла ҳосили етиштиришди. Бунақаси Сурхондарё тарихида бўлмаган. Барча фермерларимизнинг омбори донга тўлди. 

Пахтачиликда ҳам яхлит тизим асосида ишлаш йўлга қўйилди. Барча моддий ресурслар — ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари деймизми, фермерларнинг даласигача етказиб берилди. Муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф қилиш учун агромониторинг тизими ҳам йўлга қўйилган.

Айни пайтда вилоятда ғалладан бўшаган 97 минг гектар майдоннинг барчасида — 100 фоиз такрорий экинлар парвариш қилинмоқда. Уларнинг энг олд қисми пишиб ҳам бўлди. Такрорий экин экиладиган жойларнинг 39800 гектарига, биринчи навбатда, дуккакли ўсимликлар, 20 минг гектарга ерёнғоқ, 17 минг гектарга кўкатлар ва сабзавотлар экилган.

Ҳозиргача хорижга экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 55 млн. доллардан ошди. Яна 5 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорт қилинган. Йил сўнгига қадар экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини 140 миллион долларга етказишни режалаштирганмиз. 

Сурхондарё вилояти иқлими қишлоқ хўжалигини юритиш учун ўта мос иқлим. Ердан оқилона фойдаланилса, бу ерда бир йилда 3 мартагача ҳосил олиш мумкинлигини ўз тасдиғини топмоқда, — деди вилоят ҳокими Э.Турдимов.