Швециядаги яҳудийлар жамоасининг фаоли Бенжамин Ладраа Фаластинга пиёда жўнади. Унинг мақсади - Исроил томонидан эгаллаб олинган ерларда яшовчи аҳоли билан бирдам эканини билдиришдир.

Ладраа Гётеборг шаҳридан 15 август елкасига Фаластин байроғини ташлаб олган ҳолда йўлга чиқди, деб хабар бермоқда «Анадолу».

Фаолнинг сўзларига кўра, Фаластин муаммоси ва ушбу халқнинг бошидан ўтказаётган азоб-уқубатга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш мақсадида 4 800 километр масофани босиб ўтишни режалаштирган.

«Исроил Ғазода фосфорли бомбаларни қўлламоқда. Шифохоналар, мактаблар, аҳоли турар-жойларига зарба берилмоқда. Исроил Ғазога гуманитар ёрдамни киритмаяпти, у ерда эса аҳоли сув танқислигидан азият чекмоқда. Исроилликлар Ғазо сектори билан чегарада бетон девор қурмоқда. Фаластин халқининг азоб-уқубатлари мени акцияни бошлашга ундади, уни Фаластинда якунламоқчиман», - деди Ладраа.

Унинг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамияти Яқин Шарқдаги вазиятдан етарлича хабардор эмас. «Умид қиламанки, менинг акциям бошқа кишиларни ҳам Исроилнинг босиб олиш сиёсатига қарши кураш олиб боришга ҳисса қўшишга ундайди», - деди у.