Тинч океанида 5,4 км дан чуқурроқда Хиросимага ташланган атом бомбаси компонентларини ташиган, 1945 йилда чўктириб юборилган АҚШнинг “Индианаполис” крейсери бўлаклари топилди. Кемани Microsoft компанияси ҳамасосчиси Пол Аллен бошчилигидаги тадқиқотчилар жамоаси топди, деб хабар бермоқда CNN телеканали. 

Атом бомбаси учун компонентлар етказиб бериш кеманинг охирги махфий вазифаси бўлган. У 1945 йил 30 июлда ортга қайтаётганда япон сув ости кемаси томондан ҳужумга учраб, чўктириб юборилган. Кема 12 дақиқа ичида уммонга ғарқ бўлган. Ундаги 1196 денгизчидан 316 нафаригина омон қолган. Кема чўккандан бери, яъни 72 йил давомида қидириб келинган.